Мустақиллик бу, аввало, ҳуқуқ демакдир!
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий сана – 1 сентабр халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутадиган, ҳар йили “Энг улуғ, энг азиз байрам” сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир.
Бу йил халқимиз мамлакатимиз истиқлолининг шонли санасини – миллий мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигини кўтаринки руҳ ва кайфият билан кутиб олишга тайёргарлик кўрмоқда.
Эртага мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги якунланиб, ҳаётимизнинг бетакрор саҳифаси сифатида истиқлолимиз тарихидан жой олади. Мустақиллигимизнинг саодатли 30-йилига яхши ниятлар билан қадам ташланади.
Истиқлолда ўтган ҳар бир йил жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий ҳаётида, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзида ўзига хос маъно ва мазмунга эга из қолдирди. Ҳаётимизнинг барча соҳаларида муҳим ўзгаришлар юз берди. Мамлакат иқтисодиёти режалаштирилган суръатлардан ҳам юқори ривожланишда давом этди. Нуфузли халқаро ташкилотлар, банк ва молия муассасалари Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари муттасил ошиб бораётганини расман эътироф этишмоқда.
Тарихан қисқа бир даврда аввало эл-юртимизнинг хоҳиш-иродаси, куч-қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, бугун тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг онгу шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир...
Мустақиллик – бу аввало ҳуқуқ. У нималарда номоён бўлади? Агарда у ёки бу давлатда туғилиб, вояга етаётган инсонларнинг шу юрт фарзанди эканлиги инобатга олинса, демак, Ўзбекистон заминига киндик қони тўкилган инсонлар ҳам шу азиз ва муқаддас юртнинг фарзандлари. Ўз Юртида ўзи хоҳлагандек озод ва обод Ватан бунёд этиш, унда эмин-эркин яшаш, ўз тараққиёт йўлини эркин белгилаш, меҳнатининг самарасини, роҳатини кўриш, иқтидор ва имконияти, кучу-қудратини дунёга намоён этиш кабилар шу юрт фарзандларининг ҳуқуқидир. Айнан Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон фуқаролари ҳам ана шундай Олий ҳуқуқни қўлга киритди.
Ушбу ҳуқуқ ўзлигимизни англаш, саховатли заминимиз бойликларини, халқимизнинг улкан яратувчанлик ва интеллектуал салоҳиятини Ватанимиз равнақи, ҳеч кимдан кам бўлмай яшашимиз, буюк орзуларимиз рўёби йўлида сафарбар этиш имконини берди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда, шу азиз юрт фуқаролари сифатида ҳар биримизнинг шахсий ҳаётимизда, оиламизда, маҳалламизда, меҳнат жамоамизда ёки илмий-ижодий фаолиятимизда юз берган ўзгаришлардан қувонмаслик, ғурурланмасликнинг иложи йўқ. Истиқлол шароитида кечаётган умримизнинг ҳар йили ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида Ўзбекистон танлаган миллий тараққиёт йўлининг нақадар тўғри ва халқчил эканини исботлаш билан бирга, мамлакатимиз, халқимиз бу йўлдан асло оғишмай, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзининг буюк келажаги сари дадил қадам ташлаётганини яққол кўрсатиб турибди.
Кўп нарса қиёсий таҳлилда ойдинлашади. Собиқ тузум шароитида Ўзбекистон, ўз салоҳияти ва аҳолисининг турмуш тарзи жиҳатидан энг қолоқ республикалардан бири эди. Тилимиз, динимиз, миллий ва диний қадриятларимиз таҳқир остида эди. Ўтмиш тарихимизга, буюк аждодларимиздан қолган илмий ва маънавий меросга нописандлик билан қараларди. Умри давомида пахта даласидан чиқмаган деҳқоннинг косаси оқармасди. Ерости ва ерусти бойликлари етарли, халқи меҳнаткаш юртнинг бундай ночор аҳволи билан ҳеч кимнинг иши бўлмас, ҳамма нарса ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди.
Бугунги Ўзбекистон демократик янгиланиш ва тараққиёт йўлида ўзининг буюк келажаги сари дадил одимлаётган, куч-қудрати, иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётган, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, бу улуғ нуфузга янада нуфуз қўшаётган, халқининг фаровон ва тинч-тотув ҳаётини таъминлашга, фарзандларини миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, замонавий илм-фан ютуқларидан баҳраманд этишга қодир, истиқболини янги баркамол авлоднинг маънавий-ахлоқий камолида, жамият ҳаётидаги фаоллиги ва ташаббускорлигида, юксак фуқаролик позициясида кўраётган давлатдир.
Албатта, ўтган йиллар мамлакатимиз учун енгил кечмади. Жуда оғир синовларга, кутилмаган муаммоларга дуч келдик, уларни Буюк даҳоларнинг одилона ва халқчил сиёсати, халқимизнинг ақл-заковати, сабр-бардоши, катта ҳаётий тажрибаси ва истиқлол ғояларига садоқати билан енгиб ўтдик. Мамлакатимиз иқтисодиёти йилдан йилга мустаҳкамланиб борди. Айниқса, сўнги беш йил ичида юртимизда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизнинг маънавий қиёфаси тубдан ўзгарди. Пойтахтимиз Тошкент, қадимий ва навқирон шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона, Андижон, Қарши, Термиз, Навоий, Нурафшон, Нукус, Наманган, Гулистон, Жиззах кабилар дунёнинг гўзал замонавий шаҳарларига, илм-фан, таълим-тарбия, халқаро ижтимоий-сиёсий алоқалар, маданият ва санъат марказига, спорт беллашувлари майдонига айланди. Буларнинг ҳаммаси, ҳеч шубҳасиз, ислоҳотларнинг узоқни кўзлаб, халқ манфаатларини ўйлаб, пишиқ-пухта амалга оширилаётгани, эл-юртда тинчлик-тотувлик ҳукм сураётгани, келгуси авлодларга Озод ва Обод Ватан қолдириш истаги одамлар қалбидан тобора чуқур ва мустаҳкам жой олаётгани натижаси десак, янглишмаган бўламиз.
Истиқлолимизнинг дастлабки йилларида мамлакат олдида мустақилликни бутун чоралар билан мустаҳкамлаш, одамлар онг-шуурига янги жамиятнинг янги ғояларини сингдириш, халқнинг қадр-қимматини кўтариш, ор-номусини жой-жойига қўйиш, яқин ва олис тарихимизни собиқ тузум мафкураси таъсиридан тозалашдек муҳим вазифа турар эди. Шу мақсадда қисқа вақт ичида миллий тараққиётнинг Ўзбекистонга, халқимиз турмуш тарзи ва менталитетига хос ва мос модели, миллий истиқлол мафкурасининг асосий тамойиллари, жамият ҳаётининг олис келажакка мўлжалланган бош мақсад-режаси ишлаб чиқилди.
Ўтган йиллар давомида ўзини тўла оқлаган, оғир синовлардан ўтган ва дунё миқёсида тан олинган бу модел, аввало, мамлакатда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг янги принципларига, халқимизнинг куч-қудрати ва интеллектуал салоҳиятига асосланганди. Бу тамойилларнинг моҳияти ўтиш даврида давлат ўз зиммасига бош ислоҳотчи деган масъулиятни олиши, қонун устиворлиги, кучли ижтимоий ҳимоя ва ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш каби ўта мураккаб вазифалардан иборат эди. Ўзбекистон ўта мураккаб, ҳал қилувчи шароитда ўз кучи ва имкониятига таяниб иш кўрди. Доно халқимиз “Биз борини асраш ва йўғини яратиш йўлидан борамиз” деган шиорга қатъий амал қилди. Маълум шартлар ҳисобига бошқалардан қарз кўтармаслик принципи, сохта обрў қозониш учун енгил-елпи қарорлар қабул қилмаслик, ҳар бир ишни халқ билан бамаслаҳат амалга ошириш давлат хокимияти фаолиятининг бош йўналишини ташкил этди.
Истиқлол йилларида жамиятимизда амалга оширилган ишларнинг ҳар бири ўзига хос тарихга, маъно-мазмунга эга. Қисқа вақт ичида янги демократик тизимнинг шаклланиши, яъни ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши ҳамда уларнинг ўзаро муносабатлари аниқ-равшан белгилаб қўйилиши, бу муносабатлар орасидаги мутаносибликнинг таминланиши чиндан ҳам, тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва адолатли эркин жамиятни шакллантириш йўлидан дадил қадамлар босиб бормоқда. Шу мақсадлар йўлида ўзлигимизни англаш, юрт равнақи, инсон манфаати, эркинлиги ва фаровонлигини таъминлаш талаби аниқ ва равшан белгилаб олинган. Ушбу вазифаларни бажариш аввало ислоҳотлар жараёнини изчил ва босқичма-босқич амалга оширилишига боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасининг жорий йил 17 август сонида чоп этилган “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” сарлавҳали интервьюларида ҳақли равишда таъкидланганидек:
“Биз – Ўзбекистон фуқаролари жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этмоқдамиз. Айниқса, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.
Бир ҳақиқатни очиқ тан олишимиз лозим: вақт ўтиши билан ислоҳот жараёнлари тобора кенгайиб бормоқда, шиддатли замон олдимизга янада улкан вазифаларни қўймоқда. Ҳаётнинг ўзи бизни кўп нарсага ўргатмоқда. Шу сабабли биз доимий изланишдамиз. Изланиш бор жойда ютуқлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар ҳам бўлиши табиийдир.
Энг асосийси, “Ҳаракатда – баракат” деганларидек, биз энг қийин босқичдан ўтдик, яъни, йўлимизни аниқ белгилаб, катта ишларни бошладик. Энди ҳамма гап ислоҳотлар йўлини қатъият билан давом эттириш ва мантиқий якунига етказишда. Бу албатта осон эмас, аммо биз бунга қодирмиз. Муҳими, кейинги йилларда бундай улкан ва мураккаб вазифани амалга ошириш учун етарли сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-институционал замин яратилди”.
Шу нуқтаи назардан қараганда, яна бир муҳим ютуқ — мамлакатимизда мулк ва мулкдорларга, ишбилармон тадбиркорларга нисбатан муносабатнинг тамомила ўзгариши, жамиятда янги синф вакилларининг пайдо бўлиши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун йўли билан ҳимоя қилинишида ўз аксини топди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги тарихий учрашувда сўзлаган нутқида қуйидаги асосли фикрни таъкидлаб ўтдилар: “Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз том маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз. Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини таъкидлаш лозим. Ҳозирги кунда ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилаётгани унинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганини кўрсатади. Шу боисдан ҳам агар биз иқтисодиётимизни, ижтимоий соҳани янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур.
Албатта, кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитларни яратдик. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилди. Энг асосийси, эл-юртимиз ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрўси ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади”.
Собиқ тузум шароитида хусусий мулк тўғрисида, ҳалол пешона тери, узоқ йиллик машаққатли меҳнати, изланишлари ҳисобига маълум мулк ёки бойликка эга бўлиш ҳақида ўйлашнинг ҳам иложи йўқ эди. Тадбиркорлик, ишбилармонлик расман таъқиқлаб қўйилган, бунинг учун жазо муқаррар эди. Бугун салоҳиятли ишбилармон ва тадбиркорлар мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим нуқталарида ғоят масъулиятли вазифаларни ўз зиммаларига олиб, ҳаётимизнинг янада фаровон, турмушимизнинг сермазмун бўлишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва қарорлари мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган яратувчанлик ишлари самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Аслида, ҳар қандай ислоҳотнинг самараси аввало халқнинг маънавий-руҳий янгиланиши, тафаккурининг юксалиши, юз бераётган ўзгаришлар унинг ҳаётига ва тақдирига дахлдор бўлганини чуқур ҳис қилиши ва шундан хулоса чиқариши билан белгиланади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аввалбошдан ана шу нозик жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди. Барча ўзгариш ва янгиланишларнинг марказига инсон ва унинг манфаатлари қўйилди. Бугунги кунда ҳам ўзгаришлар жараёнининг моҳиятида халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил мужассамдир.
Шу боисдан ҳам, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида, оғир синовлар пайтида тўпланган тажрибаси, ўзига хос ва мос миллий тараққиёт йўли дунё ҳамжамиятининг эътибор ва эътирофига сазовор бўлди, эндиликда бу тажрибани ўрганишга қизиқиш кучайди. Миллий тараққиётнинг хозирги босқичида халқимиз учун муносиб ҳаёт тарзини яратиш, ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш, келгуси авлодларга эзгу амаллар, озод ва обод Ватан қолдиришдек эзгу ниятлар мустақил Ватанимизда асосий мақсадлардан бирига айланди. Дунё ҳамжамияти шу каби улуғ мақсадлар билан амалга оширилаётган кенг кўламли инсонпарвар, адолатли ислоҳотларни, яратувчанлик, бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳавас қилмоқдалар.
Хулоса қилиб айтганда, Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли, эркин жамият барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг жамият ҳаётининг турли соҳаларида истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам замини саналади.
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Дарҳақиқат, мустақиллик туфайли биз ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имконига эга бўлдик. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила Ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра яна кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз, эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.
Аввало, Яратганнинг инояти, қолаверса доно халқимиз даҳоларининг жасорати ва ташаббуси билан, не-не машаққатлар эвазига қўлга киритилган, халқимизга олий ҳуқуқни инъом этган – Мустақиллигимизни асраб-аввайлаш, жондек азиз Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Худоёр Маматов,
юридик фанлар доктори, профессор