Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва Ёшлар кунига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб нишонлаш ва “Ёшлар ойлиги”, 30 июнь – Ёшлар куни ҳамда 12 август – Халқаро ёшлар кунига бағишланган тадбирларни юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда мутасадди ташкилотлар олдида турган устувор вазифалар белгиланди.

Таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар ойлиги” доирасида маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, стартап лойиҳалар тақдимотлари, очиқ мулоқотлар ва касб-ҳунарга йўналтириш ташаббуслари кенг кўламда ташкил этилади.
Шу билан бирга, 12 август – Халқаро ёшлар куни муносабати билан мамлакатимизда илк бор Бутунжаҳон ёшлар форуми ўтказилиб, унда дунёнинг турли мамлакатларидан юзлаб ёшлар ва хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Мулоқотда давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси асосидаги “Мустақиллик тўйи” фестиваль-тадбирларини юқори савияда ташкил этиш бўйича ҳам аниқ топшириқлар берилди.
Мулоқотнинг иккинчи қисмида аҳоли, хусусан, ёшларни мамлакатимиздаги музейларга кенг жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди. Бу борада айни пайтга қадар манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, 10 июнь санасидан мазкур ҳаракат кенг миқёсида амалга оширилади.

Г.Бобоева, ЎзА