“Мусодара товарлари” ниқоби остидаги катта фирибгарлик фош этилди
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда мусодара қилинган товарларни арзон нархларда сотишни ваъда қилувчи турли гуруҳ ва каналлар кўпаймоқда. Бир қарашда жозибадор кўринган бундай таклифлар ортида оддий фуқароларни алдашга қаратилган фирибгарлик схемалари ётгани аниқланди.
Божхона қўмитаси матбуот котибининг маълум қилишича, бундай каналларда маиший техника, гаджетлар ва транспорт воситалари бозор нархидан бир неча баробар арзон қилиб таклиф этилади. Масалан, скутер 800 минг сўм, ноутбук эса 500 минг сўм каби ишончсиз даражада паст нархларда эълонлар жойлаштирилмоқда. Табиийки, бу каби “жозибадор таклифлар” ҳар қандай истеъмолчини қизиқтириши мумкин.

Канал маъмурлари эса ишонч уйғотиш мақсадида товарлар гўёки божхона органлари томонидан мусодара қилингани ва шу боис арзонлаштирилганини таъкидлайди. Айрим ҳолларда профилларда божхона идораларининг расмий логотиплари, сохта лицензиялар ва давлат органлари номидан фойдаланилган белгилар ҳам жойлаштирилади.

Афсуски, бундай алдовларга ишонган айрим фуқаролар товарни тезроқ қўлга киритиш илинжида олдиндан тўловни банк карталари орқали амалга оширмоқда. Аммо пул ўтказилган заҳотиёқ “сотувчи” билан алоқа узилади, харидор эса “қора рўйхат”га киритилади. Натижада на пул қайтарилади, на ваъда қилинган товар етказиб берилади.
Бу каби ҳолатлар нафақат фуқароларга моддий зарар етказмоқда, балки давлат идоралари, хусусан божхона органлари обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бундай жиноятларни фош этиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 27 апрель куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Musodara tavvarlar” телеграм канали ҳамда “musodara_tavar_arzon” номли инстаграм саҳифаси орқали фаолият юритиб келган шахс қўлга олинди.
Маълум бўлишича, 2008 йилда туғилган ушбу шахс интернет орқали турли сохта эълонлар жойлаштириб, фуқароларни арзон товарлар билан жалб қилган ва уларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, пул маблағларини ўзлаштириб келган. У харидорларни ишонтириш мақсадида чет элдан олиб кирилган ноқонуний товарлар божхонада мусодара қилингани ва 80 фоиз чегирма асосида сотилаётгани ҳақида мунтазам равишда ёлғон маълумотлар тарқатган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар фуқароларни ҳушёрликка чақириб, шубҳали интернет-эълонларга ишонмасликни тавсия этмоқда. Эсда тутиш жоизки, божхона органлари томонидан мусодара қилинган ва суд қарори асосида давлат тасарруфига ўтказилган товарлар савдоси фақатгина “Божхона сервис” давлат муассасаси орқали қонуний тарзда амалга оширилади.
Бир сўз билан айтганда, арзон нарх ортидаги “осон фойда” кўпинча қимматга тушади. Ҳар қандай харидда ҳушёрлик ва танқидий ёндашув энг ишончли ҳимоя воситасидир.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА