Мусиқанинг сеҳрли дунёси
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри 2021 йилдаги ижодий фаолиятини "Мусиқанинг сеҳрли дунёси" деб номланган катта концерт дастури намойиши билан бошлади.
Мазкур театрни юртимиз маданияти ва санъатининг ўзига хос ташриф қоғози деб аташ мумкин. Сабаби, унда миллий мусиқа, театр, опера санъатимизнинг энг юксак намуналари юртимиз ҳамда хорижлик меҳмонлар эътиборига ҳавола этилиши яхши анъанага айланган.
Театрнинг ўз мухлислари, содиқ томошабинлари бор. Ушбу ижодий жамоа томонидан тақдим этилаётган бадиий дастурлар, спектакллар, очиқ осмон остидаги концертлар, фестиваллар, мусиқий танловлар томошабинлар меҳрини қозонгани билан аҳамиятлидир.
“Мусиқанинг сеҳрли дунёси” номли концерт дастурида Иоганнес Брамс, Георгий Свиридов, Иоганн Штраус, Арам Хачатурян каби жаҳон композиторлари билан бирга Мухтор Ашрафий, Сулаймон Юдаков, Манас Левиев сингари ўзбекистонлик ижодкорларнинг энг сара асарларидан намуналар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Шуниси эътиборлики, жаҳон мусиқа ихлосмандлари томонидан симфоник оркестр концерти ғоят юксак қадрланади. Шу маънода ушбу концерт санъат шинавандалари учун чинакам туҳфа бўлди, десак янглишмаймиз. Айни пайтда халқаро миқёсда тан олинган санъаткорлар –- Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов, истеъдодли опера ижрочилари Умид Исроилов, Рустам Алимардонов, Дамир Раҳмонов сингари хонандалар иштирокидаги опера санъатининг энг сара намуналаридан иборат бўлган ижро концертга ўзгача руҳ, янада кўтаринкилик, файз, мухлисларга ҳайрат ва завқ бағишлади. Ёш дирижёр Аъзамхон Аҳмедов ҳамда режиссёр Руслан Шерезданов томонидан тайёрланган ушбу мусиқий дастур мусиқа оламининг чин маънода мўъжизакор ва сеҳрли эканини яна бир карра томошабинларга исботлади.
Н.Усмонова, ЎзА