Мусиқага бағишланган умр
Ўзбекистон давлат консерваториясида таниқли бастакор Анор Назаров хотирасига бағишланган концерт дастури ўтказилди.
Ўзбекистон давлат консерваториясида таниқли бастакор Анор Назаров хотирасига бағишланган концерт дастури ўтказилди.
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев ва бошқалар бастакорнинг ҳаёти, ижодий фаолияти, мусиқа санъатига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирди.
Дарҳақиқат, ўзбек мусиқа санъати ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, таниқли бастакор Анор Назаров умрини мусиқа санъатига бағишлаган истеъдод соҳиби эди. Ватанни юксак пардаларда тараннум этиш, унинг шон-шавкатини мадҳ этиш, халқимизга бетакрор куй-қўшиқлар тақдим этиш бастакор ижодида устувор ўрин эгалларди.
У 1968 йилда Мухтор Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини тамомлаб, дастлаб Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри оркестрининг солисти, Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоасининг бош дирижёри, Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, “Ўзбекнаво” гастрол-концерт бирлашмаси бош директори, кейинроқ эса ушбу ташкилотнинг бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган.
Бастакорнинг эстрада йўналишида ёзилган “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Ватан азиздир”, “Жон Ўзбекистон”, “Ифтихор”, “Яшнар баҳорим”, “Она юрт”, “Баркамол авлод”, “Ўзбекистон муштарак”, “Гўзал Тошкент”, “Юрт қадри”, “Азиз одамлар”, “Изҳор” каби 120 дан ортиқ қўшиғи ўзининг жозибадорлиги, она Ватанга бўлган муҳаббат, уни эъзозлаш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган.
– Отам хотираларини эъзозлашга шу қадар катта эътибор қаратилаётганидан қалбим фахрга тўлди, – деди бастакорнинг ўғли, “Ниҳол” мукофоти совриндори Дилшод Назаров. – Санъатга бўлган меҳр ва ихлосни, қунт ва саботни, ўзи танлаган йўлда собитқадамлик билан меҳнат қилишни отамдан ўрганганман. Ўзбекистонда ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, бу йўлда умрини бағишлаган санъат усталари хотирасини қадрлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларга аксарият хорижлик мусиқачилар катта ҳавас билан қарайди.
Концерт дастурида бастакорнинг “Буюк ипак йўли” симфоник поэмаси, “Хиросима” симфоник кантатаси, “Истиқлол вальси”, “Хаёл ичра” – виолончелда соло мусиқий асарлари ва бошқа кўплаб жозибали асарлари ижро этилди.