Мусиқа санъати билимдонлари
Ўзбекистон давлат консерваториясида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида экани таъкидланди.
Ўзбекистон давлат консерваторияси педагогик жамоасида ҳам, талабалар сафида ҳам аёл-қизлар салмоқли ўринни эгаллайди.
Моҳир педагог аёллар мусиқа санъатининг турли йўналишлари бўйича ёшларга устозлик қилаётган бўлса, хорижий танловларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилаётган мусиқачи қизлар ҳам кўплиги қувонарлидир.
– Юртимизда аёлларга нисбатан ҳамиша мунис она, қадрдон опа, беғубор қалбли сингилдек эъзозли муносабатда бўлинган, – деди ушбу олий ўқув юртининг ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси доценти Сайёра Ҳамдамова. – Жорий йилда менинг ҳам камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига сазовор бўлдим. Бундан кўнглим тоғ қадар юксалди.
Тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба-қизлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Аёл, меҳр, муҳаббат, баҳорни мадҳ этувчи концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.