Муштарак мақсадлар йўлида
Бугун дунё ҳамжамиятининг диққат маркази ва нигоҳи БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясига қаратилди.
Бугун дунё ҳамжамиятининг диққат маркази ва нигоҳи БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясига қаратилди. Бу бежиз эмас албатта, чунки ушбу нуфузли анжуман, ҳали ҳамон ҳукм сураётган глобал фалокат фонида, ғоятда таҳликали ва мураккаб вазиятда дунё давлатлари ва халқлари ўзаро чамбарчас эканлигини эътироф этган ҳолда умумсайёравий аҳамиятга молик, шубҳасиз, инсоният тараққиётининг эртанги кунини белгилаб беради.
Тарихий анжуманда дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, камбағаллик ва қашшоқликни тугатиш, давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янгича ёндашувни ишлаб чиқиш каби қатор муҳим масалалар кун тартибидан жой олди.
Муҳтарам Президентимизнинг тарихий ва нуфузли анжумандаги стратегик масалалар ва уларнинг ечимларини қамраб олган маърузаси давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияда сўзлаган нутқининг мантиқий давоми бўлиб, БМТ доирасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим ва устувор йўналишлари, ёшлар масалалари, барқарор ривожланиш, Марказий Осиёдаги барқарорлик, ташкилотнинг келгуси муҳим стратегиясини белгилаб олишда эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар бўйича илгари сурган ғоя ва таклифлари билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида мамлакатимизда сўнгги йилларда жамият ҳаётининг турли жабҳалари, хусусан, жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш, коррупцияга қарши курашиш, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқаролик институтлари ва ОАВ роли ҳамда нуфузини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, қонун устуворлиги, судлар мустақиллиги, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик борасида амалга оширилган ишларни алоҳида эътироф этди.
Дунё давлатларини том маънода “тиз чўктирган” коронавирус инфекцияси, инсоният бундай фожиаларга тайёр эмаслигини яққол исботлагани ҳеч кимга сир эмас. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда давлатимиз раҳбарининг БМТ шафелигида Пандемиялар даврида ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини аниқ белгилаб берадиган Давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича таклифи бутун дунё миқёсида “инсон манфаатлари - олий қадрият” тамойилини рўёбга чиқариш ва тўла тўкис амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақаси давлатлари ўртасида яхши қўшничилик, иқтисодий ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик муҳити яратилди. Шу билан бир қатор минтақа давлатлари олдида келгусида глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлаклари чуқур интеграцияни таъминлашдек муҳим масала турганлигидан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқалаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш бўйича илгари сурган таклифи ушбу масалалар ечимидаги муҳим қадамдир.
Эътироф этиш жоиз, Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас бир қисмидир. Афғон муаммосиин ечиш, афғон халқининг эзгу умидларини рўёбга чиқариш учун “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” тамойилини амалга ошириш масаласи БМТнинг доимий эътибори марказида бўлиши зарурлигини Президентимиз алоҳида қайд этди.
Маълумки, Ер сайёрасида умумий ҳароратнинг кўтарилиши атроф муҳитнинг, айниқса атмосфера ҳавосининг зарарланганлигини кўрсатувчи асосий кўрсаткичлардан биридир. Атмосфера ҳавоси таркибида қатор зарарли моддалар миқдорининг кўпайиши нафақат ҳароратнинг, балки сайёрамизнинг барча минтақалари иқлимининг ўзгаришига олиб келмоқда. Қайд этиш жоизки, иқлим ўзгариши глобал таҳдид сифатида намоён бўлмоқда. Жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда. Ўз вақтида чоралар қабул қилмаслик мамлакатлар иқлим ўзгариши борасидаги ҳаракатлар учун катта маблағларни мобилизация қилишларига тўғри келади.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс ечим топиш зарур. Зеро, иқлим ўзгариши туфайли океанлар сатҳининг кўтарилиши, ҳароратнинг ўзгариши, сув ресурслари тақчиллигининг кучайиши, табиий офатлар сони ва турининг ортиши, юқори даражадаги жазирамалар такрорланишининг кўпайиши, ҳарорат режими кучайиши натижасида аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ортиши, саҳроланиш жараёнларининг кучайиши каби ва бошқа олдиндан аниқ айтиш қийин бўлган кўпгина оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Боз устига Орол денгизи минтақаси кескин иқлим шароити билан ажралиб туради. Хавфли ҳудудга ҳозирги вақтнинг ўзидаёқ ҳаддан ташқари иссиқлик кучи билан изоҳланадиган Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудлари киради. Ҳозирда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб ҳаво ҳароратининг сезиларли даражада ошиши, ҳаво ҳарорати юқори бўлган кунлар сонининг ошиши, паст ҳароратли кунлар сонининг камайиши, Оролбўйида ҳаво ҳарорати 40 даража иссиқдан юқори бўлган кунлар сонининг ўзгариши каби салбий ҳолатлар юз бермоқда. Бундан ташқари, келажакда сув заҳиралари буғланиш ҳисобига 10-15 фоизга камаяди. Ўсимликларнинг сувга бўлган талаби ортиши туфайли сув исрофгарчилиги 10-20 фоизга ошади ва сув истеъмолининг қайтарилмайдиган ҳолати 18 фоизга кўпайишига сабаб бўлади. 2035-2050 йилларда минтақадаги ҳаво ҳарорати яна 1,5-3 даражага кўтарилиши, ҳаво ҳароратининг энг кўп ошиши Оролбўйида кузатилиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида глобал иқлим ўзгариши муаммоларига алоҳида тўхталиб, минг афсуски, ушбу таҳдидлар Марказий Осиё минтақасига янада жиддийроқ таҳдид солаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, Президентимиз Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига, Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланганига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини яна бир бор қаратди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, яқин ўтмишда жаҳондаги энг катта кўлларнинг тўртинчиси бўлган Орол денгизининг қуриши дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бири бўлиб, нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги барча давлатлар учун қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий, тиббий ва гуманитар муаммоларни келтириб чиқарди. Балиқчилик тараққий этган денгиз ўрнида “Қизилқум” ва “Қорақум” ўртасида майдони 5,5 миллион гектарга тенг бўлган қум-туз чўли янги “Оролқўм” саҳроси пайдо бўлди.
Қуриган денгиз тубидан кўтариладиган қум ва туз бўронлари борган сари авж олмоқда. Ҳудуддан ҳар йили бир неча минг километр масофагача таркибида нафақат атроф муҳит, балки инсон саломатлиги учун ўта зарарли бўлган 100 миллион тоннадан ортиқ қум ва туз зарралари тарқалмоқда.
Денгизнинг транспорт, балиқчилик, чорвачилик, мўйначилик ва бошқа анъанавий фаолият турларидаги аҳамияти тушиб кетиши юз минглаб кишиларни ишсиз қолдирди. Ҳудудда нафақат экологик, иқтисодий-ижтимоий муаммолар ҳам авж олди. Бу муаммолар натижасида экологик миграция жараёнлари бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Орол денгизи инқирози чегара билмайдиган глобал экологик муаммоларни келтириб чиқарганлигини яна бир бор таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини огоҳликка чақирган эди. Муҳтарам Шавкат Мирзиёев қисқа муддатда аниқ ва тезкор ишлари билан жаҳон ҳамжамиятини Орол муаммосига эътиборини, муносабатини, қўйингки, тафаккурини ўзгартирди. Президентимиз ташаббуси билан қилинаётган чора-тадбирлар бу муаммога бўлган амалий ёндашувнинг дебочаси, десак тўғри бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ҳузурида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Глобал экологик фонднинг ваколатхоналарини очиш, эҳтиёж катта бўлган мутахассислар тайёрлаш борасида ноёб илмий-таълим базаси бўладиган Чўл ва озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш, минтақамизнинг ноёб фаунасини сақлаш учун Оролбўйи зонасида муҳофаза қилинадиган трансчегаравий табиий ҳудудлар ташкил этиш, сувни тежаш, Орол денгизи ҳавзасининг трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларига асосланган минтақавий ҳамкорлик даражасини тубдан ошириш, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур қабул қилиш, биргаликда фанлараро тадқиқотлар ўтказиш каби муҳим ғоялар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ қароргоҳи нафақат Ўзбекистон, минтақа давлатлари учун ҳам унутилмас воқеа содир бўлди. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилди.
Ушбу Траст фондига Ўзбекистон ҳукуматининг ҳар йили 2 миллион АҚШ доллари ажратиши кўзда тутилган. Норвегия ҳукумати Фонд жамғармасига 1,1 миллион АҚШ доллари, хорижий ва халқаро донорларнинг 26,1 миллион АҚШ доллар маблағи йўналтирилган бўлиб, ўтган икки йил давомида Траст фондга 12,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган. Албатта, ушбу жамғарма оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан ушбу ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни самарали рўёбга чиқариш мақсадида келгуси икки йилда умумий қиймати 1,5 миллиард АҚШ доллари бўлган 800 га яқин лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш чоралари тўғрисида”ги қарори асосида 26,4 миллиард сўмлик, узунлиги 101 километр “Қўнғирот-Мўйноқ” магистраль ичимлик суви тармоғи ишга туширилиши натижасида 15 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга эришилди.
Сўнгги уч йил ичида Оролнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича дунёда муқобили бўлмаган ишлар жадаллик билан олиб борилди. Ўтган давр мобайнида умумий майдони 2 миллион гектар майдон янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш ва тупроқ қатламини шакллантириш ишлари амалга оширилди.
Албатта, амалга оширилаётган ишлар атроф муҳит ҳолатини юмшатиш, табиий ресурсларнинг деградацияси олдини олишга шароит яратади, денгизнинг қуриган тубидан қум ва чанг кўтарилишини максимал даражада олдини олинишини таъминлайди, фауна олами турли вакилларининг кўпайиши ва тарқалиши учун қулай экотизим шаклланади, чўл ўрмонлари майдонларининг ва биохилма-хилликнинг кенгайииши минтақада иқлим ўзгаришини юмшашига шароит яратади. Пировард натижада Оролбўйи ҳудудида ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам экологик барқарорлик таъминаланади.
Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ва ушбу ҳужжат тасдиқланган санани Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлаш бўйича таклифи минтақада экологик, ижтимоий, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инновацион технологияларни жорий қилиш, фан, таълим, инновация ва амалиёт уйғунлигига эришишда муҳим омили бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Бу эса ўз навбатида, Оролбўйи ҳудудида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш, экотизим ҳолати бўйича доимий мониторинг тизимини йўлга қўйиш, экологик ҳолатни баҳолаш ва башорат қилиш бўйича узлуксиз мажмуавий мониторинг қилиш тизимини шакллантириш, экологик инновациялар ҳудуди учун янги илғор меъёрий-ҳуқуқий база шакллантириш, инновацияларни жалб қилиш учун самарали ишлайдиган молиявий тизим яратиш каби масалалар ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ғоялар дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ривожланиш, гуманитар масалалар ечимини топиш, барқарор ривожланиш, миллатлараро тотувлик, экологик барқарорликка эришиш, маданий ва маърифий ҳамкорликни таъминлашда туб ўзгаришлар даврини бошлаб беришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Борий АЛИХОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари.