Мурожаатлар билан ишлаш янгича руҳда олиб борилади
Наманган вилояти ҳокимлигида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Президентимиз раислигида шу йил 13 мартда бўлган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари, шаҳар-туман ҳокимлари, Президент Халқ қабулхоналарининг ҳудудлардаги масъул ходимлари иштирокидаги тадбир аввалида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Унда Наманган вилоятининг собиқ ҳокими, сўнгги йилларда сўнгги йилларда республика Қишлоқ хўжалиги вазири, Фермерлар кенгаши раиси, Косонсой тумани ҳокими, вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари лавозимларида иш олиб борган Баҳодир Турсунович Юсупов Президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудирининг ўринбосари сифатида расман таништирилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва муаммоларни манзилли ҳал этиш юзасидан янги тизимда иш ташкил этиш борасидаги топшириғидан келиб чиқиб, 2026 йилнинг январь-июнь ойлари давомида вилоят бўйича фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати аниқ мисоллар асосида таҳлил қилинди.
Йиғилишда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли ўрганиш, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш, мурожаатларда кўтарилаётган муаммоларни тизимли асосда ҳал этиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг бу борадаги масъулиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, Президент Администрацияси коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари – Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи Фаррух Омонов ўрганишлар давомида аниқланган айрим камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ва такрорламаслик чора-тадбирларига аҳамият бериш лозимлигини уқтириб, бу борада масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Бинобарин, бугунги кунда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими – давлат идоралари фаолиятининг энг муҳим мезонларидан бирига айланиши шарт. Зеро, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, аҳоли дарду ташвишларини ўз вақтида эшитиш ва уларга қонуний ечим топиш, бир сўз билан айтганда, халқимизни рози қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.