Мурожаатлар билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан прокуратура 117 жиноят иши қўзғатди
Прокуратура органлари томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бош прокуратура Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Муродилжон Мўминов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасида прокуратура органлари томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда, – дейди М.Мўминов. – Бунда асосий эътибор – жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган муддатда ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатларнинг қонуний ҳал этилишига қаратилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида прокуратура органларига келиб тушган жами 157 минг 862 мурожаатнинг 95 минг 268 таси ёки 60 фоизи бевосита прокуратура органларида ҳал этилиб, шундан 26 минг 113 таси қаноатлантирилди. 67 минг 841 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ўтказилган текширишларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 842 прокурор назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 28 минг 178 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
– Мурожаатлар билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларида қандай ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмоқда?
– Бундай қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада вазирлик ва идораларга 72 тақдимнома киритилиб, ноқонуний ҳужжатларга нисбатан 220 протест келтирилди.
Натижада 173 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. 140 нафари қонунбузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди.
Судларга 24,8 миллиард сўм зарарни ундириш юзасидан 120 даъво аризаси киритилди ҳамда 5,6 миллиард сўм етказилган зарарнинг ихтиёрий ундирилиши таъминланди. Жиддий қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 117 жиноят иши қўзғатилган.
– Прокуратура органлари томонидан аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ва уларни ҳал этиш жараёнлари қандай ташкил этилмоқда?
– Прокуратура органлари томонидан аҳолининг мурожаатлари билан ишлашни самарали ташкил этиш учун сайёр қабуллар кўпайтирилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида сайёр қабулларда 115 минг 569 нафар, шу жумладан, сайёр ва оммавий қабулларда 32 минг 47 нафар фуқаро қабул қилинди. Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилди. Айтиб ўтиш керакки, уларнинг 15 минг 125 нафари бевосита Бош прокуратура ходимлари томонидан қабул қилинди.
Шахсан Бош прокурор ҳамда унинг ўринбосарлари томонидан 92 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, мурожаатларнинг қонуний ҳал этилиши таъминланди.
Президент Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари орқали прокуратура органларига келиб тушган 63 минг 516 мурожаатнинг 50 минг 14 таси ёки 79 фоизи бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилди. Шундан 95 фоизи қаноатлантирилди, 1 минг 890 таси ёки 3,7 фоизи бўйича тушунтириш берилди.
Бундан ташқари, прокуратура органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда бевосита Халқ билан мулоқотни кенгайтириш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада ошириш ва аҳоли учун долзарб муаммоларни ҳал этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш ҳамда уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида прокуратура органларида жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг қабули ўтказиб келинмоқда.
Ўтказилган қабулларда асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини амалда тиклаш ҳамда уларнинг муаммоларини жойида бартараф қилишга қаратилмоқда.
Сайёр қабулларни ташкил этишда иқтисодий ва ижтимоий аҳволи нисбатан оғир бўлган маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Заруратдан келиб чиқиб, қабул жараёнларига маҳаллий идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳам жалб этилиб, бевосита ваколатлари доирасидаги масалалар жойида ижобий ҳал этилиши таъминланмоқда.
Ўтказилган қабуллар жараёнида 16 минг 46 нафар жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларидан турли масалаларда мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 45,7 фоизи жойида ижобий ҳал этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан эса ушбу даврда 158 маҳаллада сайёр қабуллар ўтказилди. Уларнинг қабуллари жараёнида 3 минг 180 нафар фуқародан турли масалаларда мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 1 минг 486 таси ижобий ҳал этилди. 1 минг 293 тасига тушунтириш берилди. 80 таси рад қилинди ҳамда 321 таси ҳозирда прокуратура органларида кўриб чиқилмоқда.
Мисол учун, Андижон вилояти прокурори томонидан графикка асосан жорий йилнинг 2 апрель куни Олтинкўл тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими маъмурий биносида, 9 апрель куни Хонобод шаҳар “Хонтоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида, 10 апрель куни 8-сонли мусиқа мактабида, 17 апрель куни Булоқбоши тумани “Файз-М” масъулияти чекланган жамияти биносида сайёр қабуллар ўтказилиб, 90 нафар жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатлари қабул қилинди.
Шу каби, май ойи давомида Навоий вилояти прокурори ва ўринбосарлари томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида 2 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, 112 нафар фуқаронинг мурожаатлари қонуний ҳал этилди. Худди шу каби туман - шаҳар прокурорлари томонидан ҳам режага асосан оммавий сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.