Мурожаатчи энди пойтахтга бормайди
Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг яна бир кўриниши мамлакат амалдорларининг қуйида, жойларда қабулларини мунтазам ташкил этишдир.

Бу гал Фарғонага Ўзбекистон Олий Суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва яна бир қанча республика идораларининг раҳбар ҳамда масъуллари келишди. Бугун, 4 февралдан 7 февралгача тўрт кун давомида улар вилоятдаги барча шаҳар ва туман аҳолиси мурожаатларини тинглайди. Оммавий сайёр қабул бошланишида муаммолар, кўтарилган масалалар ечимини жойида ҳал қилиш асосий мақсад экани айтилди.

–Энг сўнгги мурожаатчини қабул қилмагунча ишчи гуруҳ ҳузурингиздан кетмайди, – деди Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов.

Республика ишчи гуруҳининг минтақавий сайёр қабуллари вилоятнинг Фарғона, Қўқон шаҳарлари, Бувайда ва Қўштепа туманларида бўлиб ўтади.
Муҳаммаджон Обидов, Муслим Тўланов(сурат),
ЎзА