“Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши давом этмоқда.
–Эътиборли томони, барча аъзоларимизнинг кенгашдаги фаоллиги тобора ошмоқда. Бу мазкур инвестиция платформасига бўлган юксак ишончнинг яққол далилидир.
Сизлар билан ўтган йили ҳам учрашиб, кўп масалаларни муҳокама қилган эдик. Аввалги мажлисда илгари сурилган 21 та ташаббус бўйича аниқ ечимлар қабул қилинди.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиман: инвесторларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Таклифларнинг салмоқли қисми асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди, – деди Президентимиз.
Жумладан, Солиқ кодексига инвесторлар учун қулай ўзгартиришлар киритилди, компаниялар ўртасидаги ички қарз битимлари молия назоратидан чиқарилди, асосий воситаларни тезлаштирилган тартибда амортизация қилиш ҳуқуқи берилди, халқаро стандартлар асосида ҳисобот юритувчи хорижий ширкатлар учун кўплаб мажбурий талаблар бекор қилинди.
Бундан ташқари, “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш ҳамда 16 та техник регламентни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш дастури тайёрланди.
Шу билан бирга, хорижий инвесторларга тенг ва адолатли шароит яратиш бўйича халқаро мажбуриятларни зиммага олишда янги қадамлар ташланди.
ЎзА