Муносиб шароит ва замонавий инфратузилма – сифатли тиббий хизмат кафолати
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўламини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бераётир.
Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, чекка ҳудудларда ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган тиббиёт муассасалари қад ростламоқда.
Шундай хайрли ташаббуслардан бири Бекобод шаҳрида амалга оширилиб, яқинда янги хусусий тиббиёт муассасаси ўз фаолиятини бошлади. Ушбу замонавий марказнинг очилиш маросимида шаҳар фаоллари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, янги ташкил этилган мазкур муассасага Бекобод шаҳрида шу кунга қадар мавжуд бўлмаган илғор тиббий ускуна — Магнит-резонанс томография (МРТ) аппарати олиб келиниб, ўрнатилди. Бу эса маҳаллий аҳоли учун энг сўнгги русумдаги юқори технологик диагностика хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Эндиликда беморлар чуқур инструментал текширувлардан ўтиш учун пойтахтга ёки бошқа қўшни ҳудудларга бориб юрмайди.
Таъкидланганидек, янги марказнинг ишга туширилиши Бекобод шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда яшовчи аҳоли учун юқори малакали, сифатли ҳамда замонавий тиббий диагностика хизматларидан фойдаланишни янада қулай ва мақбул қилади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Тошкент вилоятида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида давлат ва хусусий шериклик муносабатлари ривожланиб, хусусий сектор вакилларининг ўрни сезиларли даражада ортмоқда. Хусусан, вилоятда айни пайтда 1 минг 15 та хусусий тиббиёт муассасаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ушбу муассасаларда 4 минг 895 нафар малакали тиббиёт ходими фидокорона меҳнат қилиб, юртдошларимизнинг саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш йўлида хизмат кўрсатаяпти.
Бу каби замонавий тиббиёт марказларининг очилиши ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариб, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшади.
***

Қамаши тумани тиббиёт бирлашмасида ҳам барча бўлимларни замонавийлаштириш, биноларни тубдан таъмирлаш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида тиббиёт муассасаси замонавий талабларга тўлиқ мос равишда янгиланиб, мурожаат қилаётган беморлар ҳамда соҳа ходимлари учун барча қулай шароитлар яратилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллиард сўмдан зиёд бўлиб, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида тиббиёт бирлашмаси замонавий, илғор андозаларга жавоб берадиган ва энергия тежамкор бинога айлантирилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА