Мунис, меҳнаткаш, жонфидо аёллар
Жамият тараққиёти, унинг тўкис ва фаровонлиги, улғайиб келаётган авлодлар ахлоқий камолоти бевосита мунис аёлларга, катта ҳаёт тажрибасига эга онахонларга, заҳматкаш, фидойи, ўз тақдирини шу юрт тақдири билан уйғун кўрган опа-сингилларимизга боғлиқ.
Хотин-қизларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамият ҳаётидаги, бугунги янгиланиш жараёнларидаги фаоллигини ошириш, оғирини енгил қилиш кейинги йилларда янада кучайди. Президентимизнинг 2023 йил 6 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда мўътабар аёл зотига эҳтиром кўрсатиш борасидаги амалий ишларнинг узвий давомидир.
Яхши хабарнинг қаноти бўлади. Фармонга кўз югуртирибоқ, кўпларимиз таниган-билганларимизни табрикладик. Рости танимаган, лекин исми-шарифи мукофотланганлар сафидаги оддий аёллар, қўлигул ҳунармандлар, аграр соҳани миридан сиригача пухта эгаллаганлар, тадбиркорлик йўлини тутиб, юзлаб ҳамюртларимизни иш билан таъминлашга ҳисса қўшган опа-сингилларимиз, маданият ва санъат, ижтимоий соҳалар, ишлаб чиқариш, илғор технологияларда меҳнат қилаётган аёллар учун ҳам мамнунлик ҳиссини туйдик. Улар учун қувондик, ҳалол ва фидокорона меҳнат рағбат топганидан кўнглимиз осмон қадар ўсди.
Мукофотланганлар рўйхатида халқимизнинг ардоқли санъаткори Ўзбекистон давлат драма театри етакчи саҳна устаси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Азиза Бегматова борлигидан театрга меҳри баланд бўлган барча мухлислар қувонгани рост. Содда, самимий, оддий, ғоят жайдари бу аёл мухлислар орасида “Чеча” деган қадрдон ном билан машҳур, десак янглишмаймиз. Ўзбек оналарининг бу азиз сиймосида мушфиқ, ғамнок, ўзидан кўра фарзандлари, ҳамқишлоқлари, эл-юрт ташвишини устун билган онахонни кўрамиз.
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази директори Муқаддам Расулова оилавий ажримларга барҳам бериш, аёлларни турли тазйиқлардан ҳимоялашда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
“Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар аъзоси, ҳайкалтарош Людвига Нестерович тошларга жон бағишлайдиган моҳир санъаткор, десак муболаға бўлмайди. Унинг ижодий ишлари юртимиз ва хорижда ҳам машҳурдир. “Содиқ хизматлари учун” медалига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси Гулзода Раҳматова эл-юрт тинчлиги, осойишталиги, ижтимоий барқарорлик муҳитини олий қадрият, энг катта неъмат деб билади.
Дарҳақиқат, мукофотланган опа-сингилларимиз қаторида оддий ишчи, хизматчи, кран машинисти, дўппидўз, трамвай ҳайдовчиси каби оддий касб эгалари ҳам бор. Бундан жамиятимизда ҳар бир касб, юрт равнақи йўлида астойдил хизмат қилаётган ҳар бир опа-сингилларимиз эътибор ва эъзозда эканини теранроқ англаймиз.
Назокат Усмонова, ЎзА