Мунавварим, муқаддасим она тилим!
Тамаддун эшикларини инсон боласига очиб берган, унинг қалби гавхарига айланиб, миллатлар ва халқлар бирдамлигининг тимсоли бўлган тил қадри ҳаётимизда бениҳоя улкандир.
Балки ҳар лаҳзада ундан фойдаланганимиз, ҳар куни атофимиз у билан қуршалганлиги учун ҳам унинг қадрини сезишга баъзида ожизлик қилармиз. Аммо шу онда баъзи халқлар ва миллатларнинг аҳволига қараб, ўз она тилимиз – ўзбек тилида бемалол, тазйиқларсиз, баралла сўзлай олаётганимизнинг ўзи ҳам катта неъмат эканлигига амин бўлишимиз мумкин.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида «Мунавварим, муқаддасим она тилим!» шиори остида адабий-бадиий кеча ташкил этилди.
Тадбирда айни замонда давлатимиз раҳбари томонидан ўзбек тили, давлат тилининг нуфузини нафақат юртимизда балки хорижда ҳам ошириш учун улкан ишлар қилинаётганлиги, тилни асраб-авайлаш, ривожлантиришнинг мукаммал ҳуқуқий таянч асослари яратилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Ушбу соҳада университетда мутахассисларни тайёрлашда, илмий изланишлар қилишда амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар бериб ўтилди. Давлат тили, ўзбек тилининг ҳимояси ва ривожи йўлида ҳар бир юртдошимиз маъсул ва бурчли эканлиги айтилди.
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг маслаҳатчиси Одина Жамолдинова тизимда давлат тилининг нуфузини янада ошириш, ўзбек тилини, жумладан, давлат тили ва хорижий тил сифатида ўқитишни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон ёзувчилар уюушмаси аъзоси, шоир Дилшод Ражаб ўзбек тили ривожига муносиб ҳисса қўшган адиблар, жумладан, Зулфия, Иззат Султон, Туроб Тўла, Ҳаким Назир, Шукрулло, Шуҳрат, Мирмуҳсин, Пўлат Мўмин каби элимиз суйган шоиру ёзувчиларнинг Низомий номидаги ТДПУ битирувчилари эканига, ёшларимиз ҳам шу инсонлар каби тилимизнинг, адабиёт ва маънавиятимизнинг булоқлари бўлиши лозимлигига алоҳида урғу бериб, куйинчаклик билан сўзлади. Айниқса университетнинг юқоридаги буюк битирувчилари ҳаётига оид қизиқарли ҳикоялар, ибратли намуналар тадбир иштирокчиларида алоҳида ҳиссиёт уйғотди.
Қутлуғ байрам арафасидаги ушбу кеча талаба-ёшлар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ва ижодий чиқишларга уланиб кетди. Иқтидорли ёшларимиз томонидан ўзбек тилини тараннум этувчи чиқишлар, саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига завқ бахш этди.



Файзулло Яҳёев,
ЎзА