Мукофотлар ўз эгаларига топширилди
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Навоий вилояти ҳокимлигида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами муносабати билан Президентимизнинг фармонига кўра тақдирланган бир гуруҳ ўқитувчиларга давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги ташаббускор ва фидойи, фаол, таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа ходимлари иштирок этди.
[gallery-4125]
Дастлаб вилоят ҳокими Қобил Турсунов Президентимизнинг касб байрами муносабати билан ўқитувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришилди. Бу мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яққол кўзга ташланмоқда. Навоий вилоятида ҳам халқ таълими соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги умумтаълим мактабларнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, замонавий бинолар қад ростламоқда.
Жумладан, биргина 2021 йилда вилоятда 13 та мактабда, шундан, 1 та янги “Президент мактаби” қурилиши, 8 та реконструкция ва 4 та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Мазкур қурилиш-таъмирлаш ишларига жами 84,8 миллиард сўм маблағ ажратилган. Манзилли дастурга киритилган умумтаълим муассасалари сони эса 14 та бўлиб, уларни таъмирлашга ажратилган маблағ миқдори 37 миллиард 583 миллион сўмга тенг.
Туманлардаги ўқитувчилар ва жамоатчилик, репетиторлар ўртасидаги ҳамкорлик яхши йўлга қўйилгани боис ўтган йилда паст кўрсаткичларни қайд этган Қизилтепа ва Навбаҳор туманлари айни пайтда юқори ўринларга чиқиб бормоқда. Навоий шаҳридаги 7- ҳамда Учқудуқ туманидаги 9-умумтаълим мактаблари “Замонавий мактаб” мақомини олди.
Дастлабки натижаларга кўра, вилоятда 40 га яқин мактабнинг битирувчилари 100 фоиз олий таълимга қамраб олинди. Ўтган йили ОТМга қамров 26 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг дастлабки статистикасига мувофиқ 37 фоизни кўрсатяпти.
– Давлатимиз томонидан арзимас меҳнатим юқори даражада эътироф этилганлиги менга янада қуч-ғайрат бағишлаб, катта масъулият юклайди, – дейди физика, математика, инглиз тили фанларини чуқур ўқитишга ихтисослашган Навоий-Қоракўл мактаб-интернати директори, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Нурулло Яхёев. – Мактаб-интернатимиз 2020 йил январь ойида ўз фаолиятини бошлаган бўлишига қарамай, бугунги кунда бир қатор республика ва халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиб, юқори натижаларни кўрсатди. 2020-2021 ўқув йилида мактабни 49 нафар битирувчиси тугатган бўлиб, илк қалдирғочлармизнинг барчаси 100 фоиз Ўзбекистондаги нуфузли олий таълим муассасалари талабаси бўлишга мушарраф бўлди. Шундан 39 нафари давлат гранти, 10 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинди.
Тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ фидойи, ўз соҳасининг етук билимдонлари, ташаббускор ва фаол ўқитувчи ва мураббийларга вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи”, “Ташаккурнома” ва қимматбаҳо эсталик совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА