Муҳокама марказида XIX Осиё ўйинлари
2022 йил 10-25 сентябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган XIX Осиё ўйинлари ташкилий қўмитасининг биринчи брифинги ўтказилди.
Тадбирда мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари, Осиё олимпия кенгаши мутасаддилари, Ханчжоу шаҳар маъмурияти, Хитой олимпия қўмитаси вакиллари, қитъанинг етакчи спорт журналистлари, телеканал вакиллари ZOOM платформаси орқали қатнашди.

Ханчжоу-2022 ўйинларига бағишланган биринчи брифингда мамлакатимиз номидан Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти ҳамда спортга ихтисослашган етакчи телеканал вакиллари иштирок этди, дея хабар бермоқда olympic.uz сайти.
Брифингда ташкилий қўмита мутасаддилари яна бир йилдан сўнг старт оладиган қитъа ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, мусобақа дастурига киритилган спорт турлари, баҳслар ўтадиган спорт мажмуалари, транспорт ва логистика тизими, медиа-марказ ва бошқа бир қатор соҳалар ҳақида маълумот берди.

Ханчжоу-2022нинг ўтган тўрт йиллик ўйинлардан фарқи, мазкур Осиё ўйинларида илк бор Океания минтақаси давлатлари иштирок этади.
Маълум қилинишича, маросимлар мухлисларнинг ёдида қолиши учун Хитой кино ва театр соҳасининг тажрибали мутахассислари ўйинларга жалб этилади.
Брифингнинг илк куни давомида XIX Осиё ўйинлари жараёнида иштирокчилар учун Хитойга кириш-чиқиш тизимини соддалаштириш, яратилаётган қулайликлар ҳақида ҳам фикрлашилди.
Т. Рўзиев, ЎзА