Муҳаммад Реза Нассири: XV жаҳон чемпионати курашни янада ривожлантиришга хизмат қилади
Жорий йилнинг 4–9 ноябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида миллий спортимиз кураш бўйича XV жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Тарихда илк бор Қозоғистонда ташкил этилаётган мазкур жаҳон чемпионати доирасида курашнинг халқаро ривожи, унинг оммавийлигини таъминлаш бўйича бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Ушбу жаҳон чемпионатига тайёргарлик ишларининг бориши хусусида Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Муҳаммад Реза Нассири билан суҳбатлашдик.

–XV жаҳон чемпионати доирасида қандай тадбирлар ўтказилиши белгиланган?
–Чемпионат доирасида жорий йилнинг 6 ноябрь куни Остона шаҳрида Халқаро кураш ассоциациясининг навбатдаги XXII Конгресси бўлиб ўтади. Бундан ташқари, ҳакамлар, мураббийлар учун халқаро семинарлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
–XV жаҳон чемпионатида қанча давлат спортчилари иштирок этиши кутилмоқда?
–Остона шаҳрида Қозоғистон кураш федерацияси томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида жаҳон чемпионатига катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Чемпионат мусобақаларида 5 та қитъадан 75 дан зиёд давлатнинг 400 нафарга яқин курашчиси иштирок этиш талабномаларини тақдим этган.
–Чемпионат доирасида ўтадиган Конгрессда кўриб чиқиладиган масалаларга тўхталсангиз.
–Халқаро кураш ассоциациясининг XXII Конгрессида ассоциация фаолиятининг 2025–2026 йиллардаги натижалари сарҳисоб қилиниб, курашнинг халқаро майдондаги кейинги тараққиётига доир муҳим масалалар кўриб чиқилади. Йиғилишда Қозоғистон, Литва, Шри-Ланка, Иордания, Франция, Сурия, Швейцария, Арманистон, Италия, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн миллий кураш федерацияларининг аъзолигини кўриб чиқиш ҳам ўрин олган. Шунингдек, курашнинг профессионаллигини янада ошириш мақсадида мусобақаларни ташкил этиш регламентига ўзгартиришлар киритиш ишлари муҳокама қилинади. Бунда, мусобақалар жараёнидаги мурожаат ёки баҳсли вазиятни қайта кўриб чиқиш тизими — “Challenge System”, ҳакамлик қоидалари ҳамда рейтинг тизимини такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинади.
–Ўтаётган йил давомида курашни комплекс ўйинлар дастурига киритиш борасида муҳим қадамлар ташланди. Жаҳон чемпионати давомидаги йиғилишларда ушбу йўналишдаги ишлар ҳам кўриб чиқиладими?
–Айтиб ўтганимдек, Халқаро кураш ассоциацияси Конгрессида курашнинг келгуси ривожи тўғрисида асосий йўналишлар белгилаб олинади. Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) билан келгуси режаларни белгилаб олиш, Марказий Америка ва Кариб минтақаси ўйинларига киритиш, Халқаро Турон федерацияси ҳамда Халқаро кўзи ожизлар спорти федерацияси (IBSA) билан боғлиқ келишувларни янги босқичга олиб чиқиш хусусида дастурлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Йиғилиш жараёнида IKA раҳбарияти, Халқаро кураш институти ва бошқа бўлинмаларнинг ҳисоботлари тингланади. Энг асосийси, Остонадаги жаҳон чемпионати кураш спортининг халқаро майдондаги ривожини янги босқичга олиб чиқишига қаратилгани билан аҳамиятли.
Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди.
ЎзА