Мудофаа ишлари бўлимининг биноси фойдаланишга топширилди
Оқолтин туманида мудофаа тизими инфратузилмасини мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тумандаги Мудофаа ишлари бўлими биноси мукаммал таъмирдан чиқарилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, Ҳарбий прокуратура вакиллари, Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси раҳбарияти, Оқолтин тумани ҳокими, нуронийлар, Афғон урушлари фахрийлари, шунингдек, ёшлар ва таълим тизими вакиллари иштирок этди.

Мазкур иншоотни реконструксия қилиш учун давлат бюджети ҳисобидан 2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Боғистон инвест” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилиб, бино замонавий талаблар асосида тўлиқ янгиланди.
Тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда мамлакатимизда мудофаа соҳасига қаратилаётган эътибор кучайиб бораётганини, айниқса, ҳудудий бўлинмаларнинг моддий-техник базаси босқичма-босқич модернизация қилинаётганини таъкидладилар. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг ҳарбий хизматга тайёргарлиги, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жараёнларини янги сифат босқичига олиб чиқмоқда.

Туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, майор Баҳром Бахранов янги бинонинг имкониятларига тўхталиб, унинг аввалги иншоотдан тубдан фарқ қилишини қайд этди.
– Янги бино замонавий стандартлар асосида жиҳозланган бўлиб, ходимлар учун барча зарур шароит яратилди. Бу, шубҳасиз, хизмат самарадорлигини оширади ҳамда ёшлар билан ишлаш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда янги имкониятлар очади, — деди у.

Тадбир иштирокчилари томонидан янгиланган бинонинг фойдаланишга топширилиши Оқолтин туманида мудофаа соҳаси инфратузилмасини мустаҳкамлаш, хизмат сифатини ошириш ҳамда ёшлар билан ишлашда тизимли ёндашувни кучайтиришга қаратилган муҳим амалий қадам сифатида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА