Муддати ўтган дебитор қарздорликни сўндиришнинг янги механизми жорий этилади
Хорижий ҳамкор тўловни амалга оширмаган ҳолларда тадбиркорлар қарздорликни ўз маблағлари ҳисобидан сўндириши мумкин.
Маълумки, ташқи савдо операцияларида хорижий ҳамкор томонидан тўловнинг белгиланган муддатда амалга оширилмаслиги экспортчи корхоналар учун нафақат молиявий муаммо, балки қўшимча жарималар хавфини ҳам келтириб чиқаради. Энди бундай ҳолатларни юмшатишга қаратилган янги механизм жорий этилмоқда.
Президентимизнинг жорий йилнинг 27 августдаги “Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни камайтиришга қаратилган қатор чоралар белгиланди. Фармон 28 августдан кучга кирган.
Ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 январга қадар ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни сўндиришга доир бир марталик умумдавлат акцияси амал қилади. Унинг доирасида тадбиркорларга экспорт қилинган товар, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат учун хорижий контрагент белгиланган муддатда тўловни амалга оширмагани натижасида юзага келган қарздорликни ўз маблағлари ҳисобидан сўндириш имконияти берилмоқда.
Яъни экспортчи корхона хорижий харидордан маблағ келиб тушишини кутиб ўтирмасдан, мавжуд қарздорликни ўз маблағи билан қоплаши мумкин. Бунинг натижасида “E-kontrakt” ташқи савдо ахборот тизимида қайд этилган муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳам камайтирилади.
Муҳим жиҳати шундаки, акция фармон кучга кирган санага қадар амалда экспорт қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар бўйича хорижий контрагент тўловни ўз вақтида амалга оширмагани сабабли пайдо бўлган ҳамда “E-kontrakt” тизимида муддати ўтган деб қайд этилган қарздорликларга нисбатан қўлланилади.
Янги механизмнинг яна бир муҳим жиҳати — тадбиркорга қарздорликни банк орқали сўндиришда қўшимча қулайлик яратилади.
Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, акция доирасида тадбиркорлар нақд шаклдаги хорижий валютани йўловчи божхона декларацияси ва тегишли ишончномаларни тақдим этмасдан банк кассасига киритиш орқали муддати ўтган дебитор қарздорликни сўндириши мумкин.
Маблағ банкка кирим қилингач, “E-kontrakt” тизимидаги қарздорлик автоматик равишда камаяди. Шу билан бирга, активларни репатриация қилиш таъминланмагани учун қўлланилган, аммо ҳали ундирилмаган жариманинг тегишли қисми киритилган суммага мутаносиб равишда бекор қилинади. Бу, айниқса, хорижий контрагентдан тўловни олиш имконияти турли сабабларга кўра кечикаётган, аммо ўзининг ташқи савдо мажбуриятларини тартибга солишни истаган тадбиркорлар учун муҳим имкониятдир.
Бир марталик акция муайян доирада қўлланилади. Хусусан, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга, шунингдек, устав капиталида шундай ташкилотларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга ушбу имтиёзлар татбиқ этилмайди. Шу сабабли экспортчи корхоналар аввало ўзининг ташкилий-ҳуқуқий мақоми ва устав капиталидаги давлат улушини инобатга олиши лозим.
Фармон фақат мавжуд қарздорликни бартараф этиш билан чекланмайди. 2027 йил 1 январдан ташқи савдо операциялари бўйича активларни белгиланган муддатларда репатриация қилмаганлик учун қўлланадиган жаримани суд томонидан икки бараварга камайтириш имконияти ҳам белгиланмоқда.
Бунинг учун қуйидаги ҳолатлардан камида биттаси мавжуд бўлиши керак. Яъни резидент хорижий ҳамкордан қарзни ундириш учун ўзига боғлиқ барча чораларни, жумладан суд, арбитраж ёки бошқа мажбурий ундирув механизмларидан фойдаланган бўлиши, ташқи савдо операцияси бўйича активларнинг 50 фоиздан ортиқ қисми репатриация қилинган бўлиши керак.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА