Муаммоларни ҳал этиш йўллари белгиланди
Турли келишмовчилик, мураккаб психологик жараёнларда мавжуд вазиятлардан қандай қилиб муносиб тарзда чиқиш мумкин? “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан пойтахтимиздаги Чилонзор туманида ўтказилган “Конфликт ва уларнинг ечимлари” мавзусидаги касбий малака, билим ва компетенцияларни ривожлантиришга оид семинар-тренингда айни жиҳатларга эътибор қаратилди.
Ўқув-семинар маҳалла раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари учун ташкил этилди.
Семинарда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан конфликтларнинг келиб чиқиш сабаблари, эмоцияларни бошқариш, оилавий келишмовчиликларнинг пайдо бўлиши, уларнинг турлари, оилавий низоларни ҳал этишда маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари ва оиладаги катталарнинг ўрни, маҳалла ва оила ҳамкорлигини кучайтириш каби мавзулар атрофлича муҳокама этилди.
Семинар-тренинг машғулотлари замонавий маърифий технологиялар, интерфаол усуллар ёрдамида ташкил этилиб, ўқув давомида иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.
Маҳаллаларда оила психологи, медиатор хизматини йўлга қўйиш, маҳалла ва оила тизимида фаолият олиб бораётган кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини тиклаш, ходимларнинг касбий кўникмасини ошириб бориш мақсадида маҳорат дарслари ва тренинглар ташкил этиш, мутахассисларни соҳага оид илмий адабиётлар билан таъминлаш зарурлигига оид таклифлар билдирилди.
Н.Усмонова, ЎзА