Муаммоларга амалий ечим топилиб, аҳолига манзилли кўмак берилди
ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси доирасида навбатдаги сайёр қабул Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, туман Кенгаши депутатлари, тегишли давлат идоралари ва ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Сайёр қабул доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида давлат органлари, банклар, кадастр, солиқ, тиббиёт, таълим ва бошқа мутасадди ташкилотлар ўз фаолиятига оид кўргазмалар ҳамда мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Тадбирда 350 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, уларнинг сув, электр энергияси, табиий газ таъминоти, ижтимоий ҳимоя, нафақа, меҳнат, тиббий хизмат, бандлик, имтиёзли кредит ва бошқа масалаларга оид мурожаати қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг бир қисми жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар тегишли масъуллар назоратига олинди.
Сайёр қабул якунида аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор амалий ишлар бажарилди. Жумладан, 5 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога ногиронлик аравачаси топширилди, 2 нафар фуқарога паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун инкубатор берилди. Шунингдек, 5 нафар ёшнинг шартнома тўлови қоплаб берилди, 3 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида пишириқ тайёрлаш учун махсус печлар топширилди. Яна 5 нафар кекса авлод вакилига соғломлаштириш учун санаторийларга йўлланма берилди.

Энг муҳими, сайёр қабул натижасида 5 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, доимий иш ўринларига жойлаштирилди. Улардан 3 нафари хотин-қиз экани аҳоли бандлигини таъминлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Тадбирдан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р. Мамутов сайёр қабулда мурожаат қилган фуқаролар хонадонига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олди ҳамда ногиронлик аравачаларини шахсан топширди.
.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири