Муқобил энергия: самарали ва тежамкор
“Жиззах” махсус индустриал зонасида “Махсус индустриал зоналар фаолиятига бир назар”мавзусида учрашув ўтказилди.
“Жиззах” махсус индустриал зонасида “Махсус индустриал зоналар фаолиятига бир назар”мавзусида учрашув ўтказилди.Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Муқобил энергия манбалари – инновацион тараққиёт учун” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, махсус индустриал зонадаги “Тоштепатекстиль” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида табиий бойликлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, экологик тоза энергия манбаларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишда партиянинг ўрни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
– Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш мавзусидаги тадбирни ўтказишга ушбу корхонани бежиз танламадик, – дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Нигора Жўраева. – “Жиззах” махсус индустриал зонасида замонавий корхоналарни барпо этишда энергия тежамкор технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз ушбу долзарб масалага ҳудудда ишлаётган фаолларимиз диққатини ўз корхонаси манфаатидан эмас, умумдавлат, глобал тараққиёт кўламидан келиб чиққан ҳолда, жалб этишга ҳаракат қилдик.
Тадбир иштирокчиларига мавзуга оид маълумотлар берилди, қўлланмалар тарқатилди. Келгусида ушбу корхона билан партия ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.