МРБ директори Россия ва Украина музокараларида асосий ролни ўйнаши мумкин (+видео)
АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф Россия ва Украина билан олиб борилаётган музокараларда Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ўрнини эгаллаши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, Financial Times хабар берди.
Маълумотларга кўра, Уиткоффнинг Россияга қилган саккизта сафари ҳозиргача кутилган натижани бермаган. У Россияга саккиз марта, Украинага эса бир марта борган.
Financial Times хабар беришича, Жон Рэтклифф АҚШнинг Россия ва Украина билан музокараларида янада фаолроқ иштирок этишга тайёрланмоқда. Трамп маъмурияти урушни тўхтатиш бўйича музокараларда асосий ташаббусни Рэтклиффга бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу нимани англатади, вазият жиддий тус олаётганиними ёки олдинги музокарачиларнинг ишидан қониқмасликними? Лекин шундай бўлсада, Уиткофф махсус вакил лавозимида қолиши ва Рэтклифф билан бирга музокараларда иштирок этиши ҳам мумкин. Ҳозир улар ўртасида ким қайси масалаларда асосий ролни бажариши бўйича рақобат борлиги айтилмоқда.
Энг қизиғи,Оқ уй Financial Times хабаридаги маълумотларни «бутунлай ёлғон хабар» деб атади. Марказий разведка бошқармаси эса Рэтклиффнинг янги роли ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.
Манбаларнинг айтишича, Трамп ҳали якуний қарор қабул қилмаган. Аммо Рэтклиффга яқин бўлган америкалик амалдорлар унинг Москва ва Киев билан музокараларда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида европалик ҳамкасбларига аллақачон хабар берган.
Financial Times ёзишича, Европада Уиткоффнинг музокаралардан четлаштирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабар ижобий қабул қилинган. Чунки Европа давлатлари Россия билан бир ярим йилдан бери давом этаётган музокаралардан арзигулик натижа кутишмоқда.
Шунингдек, Кушнерга яқин манбаларнинг айтишича, у Украинадаги уруш масаласидан эътиборини энди Ғазо сектордаги можарони тугатиш ва АҚШ ҳамда Исроилнинг Эронга қарши уруши масаласига қаратишни режалаштирмоқда. Эсингизда бўлса, август ойининг охирида Трампнинг махсус вакиллари Москвага боришидан олдин Жон Рэтклиффнинг ўзи кутилмаганда Россияга борган эди. АҚШ президенти бу ташрифни оддий ташриф деб атаган. Ғарб оммавий ахборот воситаларидаги турли тахминларга кўра, Марказий разведка директори Россияга Кремлни НАТО давлатларига ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантириш, тинчлик музокараларини бошлашга чақириш ва Эрон билан ҳамкорликни камайтиришни сўраш учун борган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/eqCyQ0H3ijk" title="MRB direktori Rossiya va Ukraina muzokaralarida asosiy rolni o‘ynashi mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА