Мўйноқда онлайн сувенир дўкони иш бошлади
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси ва кўмагида Мўйноқ туманида www.yurtashop.uz онлайн сувенир дўкони иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Мўйноқ туманида туризмни ривожлантириш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бевосита Бош прокуратура ташаббуси билан “NavrUz” этнофестивали, “Ралли Мўйноқ” автомобиль спорти мусобақалари, Миллий от ўйинлари турнири, “Muynak Sand Cup – 2022” соҳил футболи ва волейболи бўйича турнир, “Халқлар дўстлиги куни” фестивали ва бошқа бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. “Ҳунармандлар аллеяси”, “Шоирлар аллеяси”, “Юрта” ҳунармандчилик маркази ва хостели, “Балиқчининг уйи” музейи ва сельфи объектлар фойдаланишга топширилиб, ҳозирги кунда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.
Онлайн дўконни ишга туширишдан асосий мақсад – Қорақалпоғистон Республикаси, жумладан, Мўйноқ тумани ҳунармандларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотилишига ёрдам бериш, туманга ташриф буюрувчи сайёҳларга ва маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларига қизиқувчиларга арзон ва сифатли сувенирларни сотишни йўлга қўйишдан иборат.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА