“Mo‘ynoq ralli” автомобиль мусобақасига старт берилди
Қорақалпоғистоннинг олис ҳудуди — Мўйноқ туманидаги Устюрт яссилигида яна бир улкан спорт байрамига старт берилди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Mo‘ynoq ralli” автомобиль мусобақаси бу сафар ҳам нафақат техник спорт ихлосмандларини, балки жасорат, матонат ва юртга садоқат тимсолига айланган минглаб ёшларни бир майдонга жамлади.
Чўл бағридаги мураккаб ва экстремал маршрутлар бўйлаб ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақа Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Туризм қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди.
Бу йилги мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган спортчилар, ёш техниклар ҳамда экстремал спорт ихлосмандлари қатнашмоқда. Айниқса, Устюртнинг мураккаб табиий рельефи, кескин бурилишлари ва қумли йўллари иштирокчилардан нафақат юқори маҳорат, балки катта ирода ва бардош талаб қилмоқда.
Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ва хориждан келган спортчилар икки тоифадаги автомобилларда – двигател ҳажми 1600 см3гача “А-8” ва двигател ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфлари бўйича беллашадилар. Шунингдек, двигател ҳажми 2000 см3гача “Багги” ва двигател ҳажми 125 см3гача ва 500 см3гача мотоцикллар бўйича мусобақалар ҳам ташкил этилади.
Ҳар бир йўналиш бўйича спортчилар ғолиблик учун кескин ва муросасиз кураш олиб бормоқда. Тезлик ва хавф уйғунлашган ушбу мусобақалар нафақат спорт маҳоратини, балки инсоннинг руҳий чидамлилиги ва техник тайёргарлигини ҳам синовдан ўтказмоқда.
[gallery-29599]
Қадимий Мўйноқ замини яна бир бор жасорат ва шиддат майдонига айланди. Устюртнинг кенгликларида янграган двигателлар овози эса мамлакатимиз ёшларининг улкан мақсадлари, куч-ғайрати ва чексиз имкониятлари рамзидек жаранг сочмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.