Момомерос ҳунар давомчиси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Дўстлик тумани Чинобод маҳалласида истиқомат қилувчи Севара Исломова оилавий мерос сифатида қадрланиб келинаётган тикувчиликни замонавий тадбиркорлик модели билан муваффақиятли уйғунлаштирган.
С.Исломова мазкур касбни 2009 йилда хонадонда кичик фаолият сифатида бошлаган. 2017 йилда эса якка тартибдаги тадбиркор ва ҳунарманд сифатида расмий рўйхатдан ўтди.
– Момоларимиздан қолган бу ҳунарни бугунги давр талаби, замонавий бичим ва дидга мослаганмиз, - дейди Севара Исломова. – Фаолиятимизни кенгайтиришда давлатимиз томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар катта таянч бўлди. 2021 йилда биринчи марта 12,7 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, уни муваффақиятли тўладик. Шундан сўнг яна 100 миллион сўмлик кредит маблағи йўналтирилиб, янги бичув доскалари, замонавий тикув машиналари ҳамда зарур хомашёлар харид қилдик.
[gallery-31274]
Тадбиркор асосий эътиборни аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратган. Бугунги кунда цех ва касаначилик йўналишида жами 14 нафар хотин-қиз доимий ва мавсумий иш билан таъминланган. Жумладан, уларнинг 8 нафари бевосита цехда, 6 нафари эса кичик ёшли фарзандлари борлиги сабабли уйда касаначилик асосида меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, ҳунарманд ташаббуси билан 2021 йилда ташкил этилган ўқув марказида шу кунга қадар 700 нафардан зиёд хотин-қизга тикувчилик ва қуроқчилик сирлари бепул ўргатилди. Маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бу эзгу иш натижасида кўплаб шогирдлар мустақил тадбиркорлигини бошлаб, ўз оиласи даромадини шакллантирмоқда.
Корхонада 20 дан ортиқ турдаги миллий ва замонавий маҳсулотлар – миллий қуроқ буюмлар, кўрпа-тўшаклар, уй-рўзғор жиҳозлари ҳамда бешик тўпламлари тайёрланади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар маҳаллий бозор ва ижтимоий тармоқлар орқали сотилмоқда.
Тадбиркорнинг келажакдаги режалари янада улкан. Бинонинг иккинчи қаватида қурилиш ишлари якунланиб, тикувчилик цехи ва маҳсулотларни ювиш-қавиш хизмати йўлга қўйилиши ҳисобига яна 50 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА