Молиявий таълимни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди (+видео)
Мамлакатимизда молиявий таълимни ривожлантириш бўйича яна бир муҳим қадам ташланди. Марказий банк ва Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ўртасида стратегик ҳамкорликка оид Меморандум ва Йўл харитаси имзоланди.
Бу икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, мамлакатда молиявий таълим ва саводхонлик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Меморандумда ўқув-методик мажмуалар, рақамли таълим платформалари ва онлайн курсларни ишлаб чиқиш, ўқувчилар, талабалар ва педагоглар учун доимий тадбирлар — семинар, тренинг, очиқ дарс ва мастер-класслар ташкил этиш белгиланган.
Шунингдек, таълим муассасаларида молиявий саводхонлик тўгаракларини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш, Global Money Week ва World Savings Day каби халқаро ташаббуслар доирасида оммабоп тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.
[gallery-26706]
Ҳамкорлик доирасида илмий конференциялар, давра суҳбатлари, танловлар ва қўшма тадқиқот лойиҳалари йўлга қўйилади.
Қолаверса, халқаро тажрибани ўрганиш, илғор амалиётларни жорий этиш ҳамда икки томонлама ишчи гуруҳлари орқали самарали ахборот алмашинувини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан бири этиб белгиланган.
Имзоланган меморандум молиявий саводхонликни ошириш, таълимни рақамлаштириш ва ўқув-методик базани замонавий талабларга мослаштиришда муҳим қадам сифатида қайд этилмоқда.
— Марказий банк томонидан аҳолининг молиявий билимларини ошириш асосий устувор йўналиш ҳисобланади, – дейди Марказий банк раиси ўринбосари Н.Фазилов. – Шу сабабли Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ва бошқа таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликда ишлаяпмиз. Биргаликда амалга ошираётган лойиҳаларимизнинг ҳаммаси ёшлар ва ўқитувчиларнинг молиявий билимларини оширишга қаратилган. Бу лойиҳа жуда самарали бўлмоқда. Бугунги кунда 133 та мактабда 190 нафар ўқитувчи ва 8 464 нафар ўқувчи ушбу тўгаракларда иштирок этмоқда. Ушбу ташаббус 19 та банк томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳам унинг аҳамиятини оширади. Биз тўгараклар учун ўқув материалларини янгилашни бошладик, уларни янада тушунарли ва замонавий қилиб чиқаяпмиз. Лойиҳа доирасида 32 та олий таълим муассасаси қамраб олинган, уларнинг олтитаси Тошкентда жойлашган. Тахминан 1000 нафар талаба фаол иштирок этмоқда. Бу — уларда молиявий фикрлашни шакллантириш ва реал ҳаётда керак бўладиган кўникмаларни бериш учун катта имкониятлар яратади. Лойиҳани UZCARD билан ҳамкорликда амалга оширяпмиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_aiBXoLRAtQ" title="Moliyaviy ta’limni rivojlantirish bo`yicha memorandum imzolandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА