Молиявий барқарорлик – тараққиёт кафолати
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклар уюшмаси, Банк-молия академияси томонидан ташкил этилган илмий-амалий конференцияда иқтисодиётимиз реал сектори корхоналарини модернизация қилишда банк-молия институтлари иштирокининг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклар уюшмаси, Банк-молия академияси томонидан ташкил этилган илмий-амалий конференцияда иқтисодиётимиз реал сектори корхоналарини модернизация қилишда банк-молия институтлари иштирокининг долзарб масалалари муҳокама этилди.Мамлакатимиз банк-молия секторини барқарор ривожлантириш масаласи бўйича амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот ва таълим соҳаси вакиллари, молия-кредит ташкилотлари экспертлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев, Марказий банк раисининг ўринбосари А.Ҳайдаров, Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов ва бошқалар мамлакатимиз банк тизимини ислоҳ этиш ҳамда эркинлаштиришнинг устувор йўналишлари, унинг барқарорлигини ошириш ҳақида сўз юритди. Банклар фаолиятини янада такомиллаштириш ва барқарорлигини ошириш, қўшимча инвестициялар жалб қилиш, кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, аҳолининг банк-молия тузилмаларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш бу борада муҳим омиллар сифатида белгилангани таъкидланди.
Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу ва бошқа кўплаб вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган.
Тадбирда мамлакатимиз банк-молия секторини барқарор ривожлантиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижобий самара бераётгани қайд этилди. Масалан, жорий йилнинг 10 ойида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган банк кредитлари умумий ҳажми 31,8 триллион сўмни ташкил қилди. Бу 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 30,8 фоиз кўпдир. Инвестицион кредитлар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,1 фоиз ўсди ва 7,2 триллион сўмдан ошди.
Банк-молия ташкилотлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини мунтазам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, уларга ажратилган кредитлар ҳажми 8 триллион сўмдан ошди ва бу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини молиялаштириш имконини бермокда.
Банк назоратининг самарали амалга оширилаётгани, банк ликвидлиги ва активлари сифати устидан доимий мониторинг олиб борилаётгани Ўзбекистон банкларининг халқаро даражада юқори рейтинг кўрсаткичларга эришаётганининг кафолати бўлмоқда. Бугунги кунда жаҳондаги етакчи «Fitch» «Stanfart & Poor`s» «Moody`s» рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг барча тижорат банкларига барқарор рейтинг кўрсаткичларини берган.
Мамлакатимиз эришаётган иқтисодий ютуқлар халқаро молия институтлари томонидан юксак баҳоланмоқда. Жумладан, Жаҳон банки гуруҳининг 2014 йилнинг 29 октябрида эълон килинган «Бизнес юритиш – 2015: Самарадорлик доирасидан чиқиб» мавзусидаги маърузасида Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан ўз позициясини 8 бандга яхшилаган.
– Ўзбекистон босқичма-босқич таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани ва иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари диверсификация қилинаётгани самарасида тараққиётнинг барқарор юқори кўрсаткичларини намойиш этмоқда, – дейди Кейо университети профессори Шигео Кашиваги (Япония). – Бу эса экспорт маҳсулотлари ҳажми ва сифатини ошириш, саноат ишлаб чиқаришини юксалтириш имконини бермоқда. Ўзбекистон кичик бизнесга кредит ажратиш бўйича янада яхши ўринларни эгаллаши лозим.
Конференцияда экспертларнинг қирқдан зиёд маърузаси тингланди. Айниқса, иқтисодиёт реал сектори корхоналарига кредит ажратиш, ушбу корхоналарни модернизация қилишда фискаль сиёсат механизмларини такомиллаштириш, фаол инвестиция сиёсатини амалга оширишда банклар иштирокини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз молия институтларининг бухгалтерлик ҳисоби ва аудит тизимини IFRS ва ISA халқаро стандартларига мувофиқлаштириш, пенсия ва суғурта жамғармалари маблағларидан фойдаланиш механизмлари самарадорлигини ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.