Мисрлик телебошловчи гиёҳванд моддалар иши бўйича ўлим жазосига ҳукм қилинди
Қоҳира жиноят суди телебошловчи Сара Халифа ва яна 11 кишини синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланган уюшган жиноятчилик гуруҳини тузгани учун ўлим жазосига ҳукм қилди.
Таъкидланишича, иш бўйича жами 28 киши айбланмоқда. Айбланувчиларнинг тўққиз нафари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, еттитаси эса оқланди.
Миср оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, терговда гуруҳ гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш учун хомашёни чет элдан импорт қилгани, кейин уларни ишлаб чиқаргани ва тарқатгани аниқланди. Тергов давомида расмийлар 750 кг дан ортиқ гиёҳванд моддалар ва хомашёни мусодара қилишди, шунингдек, иккита уйдан ноқонуний қурол ва ўқ-дорилар топилган.
39 ёшли Халифа Мисрда “Бажариб бўлмайдиган вазифа” дастурининг бошловчиси сифатида танилган. У барча айбловларни рад этган.
С.Раҳимов, ЎзА