Мирзаобод — Сирдарёнинг балиқчилик марказига айланмоқда
Сирдарё вилоятида етиштирилаётган балиқ маҳсулотларининг 70 фоиздан ортиғи Мирзаобод тумани ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда туманда 157 та балиқчилик хўжалиги ва тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларда йилига ўртача 8–10 минг тонна балиқ етиштирилмоқда. Бу рақамлар Мирзаободнинг вилоят балиқчилик тармоғидаги салмоқли ўрнини яққол намоён этади.
Тармоқ салоҳиятини янада ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш мақсадида туманда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, «CA Ronghai Aquatic Science and Technology» МЧЖ томонидан умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг экологик балиқчилик хўжалигини барпо этиш кўзда тутилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, корхона йилига 5 минг тонна балиқ етиштириш қувватига эга бўлади.

Лойиҳани босқичма-босқич ривожлантириш белгиланган. Унга кўра, 2027 йилда 1 500 тонна, 2028 йилда 3 000 тонна, 2029 йилда эса 5 000 тонна балиқ етиштириш мақсад қилинган. Дастлабки босқичда 5 миллион доллар инвестиция киритиш, 2029 йилда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш учун яна 5 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган. Хўжаликда балиқ чавоқларини кўпайтириш, уларни интенсив усулда парваришлаш ва товар балиқ етиштириш жараёнларини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Эътиборли томони, туманда балиқчиликни ривожлантириш учун кенг сув ҳавзалари ва шаклланган ишлаб чиқариш базаси мавжуд. Хусусан, туманда балиқ етиштиришда фойдаланилаётган сув ҳавзалари майдони 14 минг гектардан зиёд бўлиб, шундан қарийб 6,7 минг гектари сунъий балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади. Ушбу ҳавзаларда карп, дўнгпешона, оқ амур, лаққа ва бошқа турдаги балиқлар етиштирилмоқда.
Шу билан бирга, туманда 90 гектар майдонда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Мазкур ташаббус замонавий технологиялардан фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

— Мирзаобод туманида балиқчиликни ривожлантириш учун катта салоҳият ва зарур шарт-шароитлар мавжуд. Энди асосий вазифа — бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали тармоқ самарадорлигини оширишдан иборат. Айниқса, интенсив балиқчилик усулларини оммалаштириш маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш, ички бозорни сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга замин яратади, — дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Обид Аҳматқулов.

Режалаштирилган инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ амалга оширилиши Мирзаободда балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш тармоқларини ривожлантиришга замин яратади. Энг муҳими, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши қўшимча иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга ёрдам беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири