Мирзачўлда танловга номзодлар сараланди
Жиззах вилоятида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Мирзачўл тумани ҳокимлигида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Тумандаги аъло хулқи, зукколиги, ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги муваффақиятлари, жамоат ишларидаги фаоллиги, ташаббускорлиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли хотин-қизлар орасидан энг саралари танлаб олинди.
Мазкур танловда ҳукумат қарорида белгилаб берилган низом талаблари асосида, яъни фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти йўналишлари бўйича талабгорларнинг эришган ютуқлари ва ижодий ишлари ўрганиб чиқилди.
[gallery-20270]
Комиссияси аъзолари томонидан 8 та йўналиш бўйича ҳар бир номзоднинг тайёрлаган ишлари одилона баҳоланиб, муносиб номзодлар рўйхати вилоят комиссиясига тавсия этилди.
Ушбу йўналишлар бўйича ғолибликни қўлга киритган мирзачўллик қизлар энди ўз омадларини танловнинг вилоят босқичида синаб кўради.
Ғолиблар ва турли номинация соҳибаларига ташкилотчилар томонидан вилоят босқичига йўлланма ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири