Мирзачўлда ирригация тизими такомиллаштирилмоқда
Жиззах вилояти Мирзачўл туманида аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг сув таъминотини яхшилашга қаратилган ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирда янги электр тармоқларини қуриш ва мавжуд қувватларни янгилаш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида 21 километр юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғи барпо этилади. Шунингдек, 321 та темир-бетон таянч ўрнатилади, 65 километр АПС симлари тортилади ҳамда 980 та изолятор монтаж қилинади.
Мазкур ишлар натижасида насос агрегатлари ва ирригация иншоотларининг электр таъминоти яхшиланиб, аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалиги ер майдонларини сув билан барқарор таъминлаш имконияти кенгаяди.
[gallery-29887]
Бу эса сув тақчиллигини камайтириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА