Минтақавий барқарорлик ва амалий ҳамкорликнинг янги босқичи: Ўзбекистон Президентининг МДҲ саммитидаги стратегик ташаббуслари
Дунёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий таҳликалар ортиб бораётган, анъанавий логистика ва савдо занжирлари тубдан қайта кўриб чиқилаётган ҳозирги даврда минтақавий ташкилотларнинг амалий аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сўзланган нутқ шунчаки навбатдаги дипломатик мурожаат эмас, балки аъзо давлатларнинг узоқ муддатли барқарорлиги ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган прагматик ҳаракатлар дастуридир.
Давлат раҳбари Ҳамдўстликнинг 35 йиллик тарихий йўлини сарҳисоб қилар экан, глобал ўзгаришларга қарамай, аъзо мамлакатларни боғлаб турган яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва улкан ҳамкорлик салоҳияти сақланиб қолаётганини алоҳида таъкидлади.
Иқтисодий соҳада нутқнинг марказий ғояси шунчаки хом-ашё ёки тайёр маҳсулот айирбошлашдан иборат анъанавий савдо моделидан қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини биргаликда яратишга ўтиш бўлди. Бу бугунги кунда саноат кооперациясини ривожлантириш ва ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулот олиб чиқишнинг ягона самарали йўлидир. Бу мақсадга эришиш учун аввало, тариф ва нотариф тўсиқларни, техник ғовларни олиб ташлаш ҳамда сертификатларни ўзаро тан олиш орқали эркин савдо зонасининг тўлиқ фаолиятини таъминлаш зарурлиги кўрсатилди.
Шу билан бирга, Тошкентда ўтказилган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” кўргазмаси ва Халқаро инвестиция форуми бизнес вакилларининг ўзаро манфаатдорлиги юқори эканини намойиш этди. Шу муносабат билан Ҳамдўстлик мамлакатларининг фаолият кўрсатаётган махсус иқтисодий зоналари ва саноат паркларини ягона тармоққа боғлаш бўйича “йўл харитаси”нинг ишлаб чиқилиши минтақалараро инвестиция оқимини тезлаштиради, ишлаб чиқариш тақсимотини мақбуллаштиради ва янги иш ўринларини яратади.
Иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги ва глобал логистика узилишлари фонида озиқ-овқат ҳамда энергетика хавфсизлиги миллий хавфсизлик даражасига кўтарилди. Нутқда энг эътиборли жиҳатлардан бири — озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этиш таклиф этилганидир. Бу механизм бозордаги нарх-наво ва таклифнинг кутилмаган тебранишларидан аъзо мамлакатлар ички бозорларини ҳимоя қилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидлари соҳасида ўзаро бозор очиш битими ҳамда Озиқ-овқат хавфсизлиги дастурининг тез фурсатларда тасдиқланиши минтақавий мустақилликни таъминлашга хизмат қилади.
Энергетика соҳасида эса Президент томонидан минтақанинг энергетик жиҳатдан боғлиқлигини яқин ўн йилликларда ривожлантириш бўйича узоқ муддатли прогноз ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу мавсумий энергия ортиқчалиги ва тақчиллигини аниқ ҳисоб-китоб қилиш, гидроэнергетика, иссиқлик генерацияси ва қайта тикланувчи манбаларни мутаносиб уйғунлаштириш имконини беради. Ушбу мақсадда Ўзбекистон томонидан МДҲ энергетика секторини инновацион ривожлантириш дастури ва Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Иқлим ўзгаришига қарши кураш доирасида кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш, ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ҳамда МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма (циркуляр) иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик концепциясини яратиш илгари сурилди.
Транспорт-логистика тизимида транзит имкониятларидан пўлатдек фойдаланиш учун интеграциялашган логистика марказларини яратиш, транзит харажатларини қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ва ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш лозимлиги айтиб ўтилди. Бу борада Туркманистоннинг 2029 йилни Транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ташаббуси тўлиқ қўллаб-қувватланди. Бу жараёнлар МДҲнинг глобал транспорт коридорларидаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Замонавий хавф-хатарлар қаторида ахборот технологиялари орқали содир этилаётган молиявий фирибгарликлар ва кибержиноятлар кўлами кескин ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу таҳдидларга тезкор жавоб қайтариш учун Ички ишлар вазирлари кенгаши ҳузурида МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш таклиф этилди. Бу механизм трансчегаравий кибержиноятларни тезкор аниқлаш, молиявий фирибгарлик схемаларини блоклаш ҳамда фуқаролар ва бизнес маблағларини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Маданий-гуманитар алоқаларга халқлар ўртасидаги ишонч пойдевори сифатида қаралиб, давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси имкониятларини кенгайтириш билан бирга, замонавий иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланган креатив индустрияларга урғу берилди. Шу муносабат билан “Маданий сиёсат ва креатив индустриялар” форумини ва Хивада МДҲ Ёшлар форумини ўтказиш ташаббуси ёшларнинг интеллектуал ҳамда ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар очади.
Ўзбекистон Президентининг МДҲ Саммитидаги нутқи Ҳамдўстлик майдонидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги, прагматик босқичга олиб чиқди. Нутқда нафақат мавжуд муаммолар аниқ ташхис қилинди, балки уларнинг ечими бўйича Қўшма алоқа маркази, МИЗ ягона тармоғи, огоҳлантириш тизими ва энергетика дастури каби аниқ механизмлар таклиф этилди.
Келгуси йилда Ўзбекистоннинг МДҲга раисликни қабул қилиб олиши ва навбатдаги саммитнинг тарихий Бухоро шаҳрида ўтказилиши мамлакатимизнинг минтақавий интеграция ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги қатъий ва етакчилик позициясидан далолат беради. Илгари сурилган ташаббуслар аъзо мамлакатлар халқлари фаровонлиги ва минтақа барқарорлигига хизмат қилади.
Алоуддин Ғаффоров,
ЎзА