Миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган либослар
Қашқадарёлик Рухсора Аслонова миллий либослар оламида ўзига хос услуб яратган дизайнер ва тадбиркор. Унинг ижоди – миллий анъаналар ҳамда замонавий моданинг ўзаро уйғунлашуви, руҳлар мушоирасидир. Рухсора ўзининг бетакрор ёндашуви ва миллий либосларга янгича нафас бериши орқали Ўзбекистон мода майдонида ўчмас из қолдирмоқда.
– Ҳар битта тайёрлаётган коллекциям юртимизнинг бой маданий меросини акс эттирувчи либослардан иборат бўлиб, улар замон талабларига жавоб бера олади, – дейди Рухсора. – Либосларда анъанавий нақшларнинг жозибаси, ипак матоларнинг латофати ва миллий безакларнинг серҳашамлиги замонавий дизайн билан уйғунлашиб, ўзига хос гўзаллик касб этади. Коллекцияларимиз нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Нуфузли мода кўргазмаларида намойиш этилиб, халқаро ихлосмандлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
[gallery-22193]
Бир қарашда у тиккан либосларга боқиб ҳақиқий ижод маҳсули дейиш мумкин. Бора-бора Рухсора бу ижодкорлик ишларини тадбиркорликка айлантира олди ва бу унга навбатдаги муваффақиятни келтирди. У ўз брендини ривожлантириш ва уни жаҳон миқёсида танитиш йўлида тинимсиз меҳнат қилмоқда. Инстаграмм ва Facebook саҳифалари орқали мижозлар билан бевосита мулоқот қилиш ва янги коллекцияларни тақдим этиш унинг маркетинг стратегиясининг муҳим қисмидир.
– Тиккан либосларимиз билан миллий мода ва маданиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этиб келяпмиз, – дейди Р.Аслонова. – Мақсадим ижодий фаолиятим орқали Ўзбекистоннинг бебаҳо маданий меросини бутун дунёга танитишга муносиб ҳисса қўшиш.
Рухсора Аслонова ўзининг ижодий салоҳияти, миллий модани ривожлантириш йўлидаги фидойилиги ва тадбиркорлик қобилияти билан Ўзбекистон мода оламида етакчи шахсга айланди. Унинг фаолияти нафақат мода индустриясига, балки маданият ва анъаналарни асраб-авайлашга ҳам улкан ҳисса қўшмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари