Миллий тилдаги таълимга янги шароит
Ўзбекистонда инсон қадри, унинг миллати ва тилидан қатъи назар, муносиб таълим олиши учун яратилаётган шароитлар ҳаётнинг ўзида ўз ифодасини топмоқда. Жиззах вилоятининг Бахмал туманида фойдаланишга топширилган 39-сонли умумтаълим мактабининг янги ўқув биноси ҳам ана шундай эзгу сиёсатнинг амалий натижаларидан биридир.
Айниқса, мазкур таълим муассасасида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг асосий қисмини қирғиз миллатига мансуб ёшлар ташкил этиши масаланинг аҳамиятини янада оширади. Бу ерда дарсларнинг қирғиз тилида олиб борилаётгани болаларга билимни ўз она тилида пухта эгаллаш, миллий қадриятларини асраш ва шу билан бирга замонавий таълим имкониятларидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Янги бино эса бу жараён учун янада қулай муҳит яратмоқда. Зеро, таълим сифати фақат дарслик ёки ўқитувчи маҳорати билан эмас, балки ўқувчининг эркин ва муносиб шароитда билим олиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ.


Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлашга шароит яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15-ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида таълим, маданий-маърифий муҳит ва миллий қадриятларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.


Бахмалдаги янги ўқув биноси ҳам шу эзгу мақсадларнинг маҳаллий миқёсдаги ёрқин кўринишидир. Бу ерда бунёд этилган ҳар бир синф хонаси, яратилган ҳар бир қулайлик ортида бир ҳақиқат мужассам: болага берилган имконият — юртнинг эртанги кунига киритилган энг ишончли сармоядир.

Бугун мактаб остонасига қадам қўяётган ўғил-қизлар эртага турли соҳаларда мамлакат тараққиётига ҳисса қўшади. Уларнинг қайси тилда таълим олиши эса бу йўлдаги имкониятларни чекламайди, аксинча, она тилига бўлган ҳурмат, миллий ўзлик ва замонавий билимни бир нуқтада уйғунлаштиради.
Шу маънода, Бахмалдаги янги мактаб биноси шунчаки навбатдаги ижтимоий объект эмас. У — таълимга эътибор, миллатлараро тотувлик ва ҳар бир боланинг келажагига ишончнинг амалий ифодасидир.
Абдужалол Қаюмов,ЎзА мухбири