Миллий тиббиёт марказида яна бир жигар трансплантацияси муваффақиятли бажарилди
Қондош-қариндошлик ва чинакам биродарлик меҳрининг ёрқин намунаси бўлган қуйидаги воқеа барчани тўлқинлантирди
Ҳаёт йўлини бирга босиб келаётган Ҳасан ва Ҳусан исмли эгизакларнинг ҳаётида унутилмас ва синовли кунлар бошланди. Уларнинг бири ўз укасига ҳаёт улашиш, уни оғир хасталикдан қутқариш мақсадида жигарининг бир бўлагини донор сифатида беришга қарор қилди…
Мамлакатимиз тиббиётидаги ютуқлар ва юқори технологиялар қўлланилаётганининг яна бир исботи ўлароқ, тажрибали шифокор Жасур Собиров бошчилигидаги мутахассислар жамоаси ушбу мураккаб операцияни юқори савияда ўтказди. Замонавий тиббиёт ускуналари ва жарроҳларнинг юксак маҳорати туфайли жараён кўнгилдагидек якунланди. Ҳозирда ҳар икки беморнинг аҳволи шифокорлар назоратида.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, мазкур амалиёт эгизакларнинг келгусида соғлом ҳаёт кечиришлари учун ташланган энг муҳим қадам бўлди. Бу каби воқеалар нафақат юртимизда олий тоифали тиббий хизматлар кўрсатилаётгани, балки халқимизга хос меҳр-оқибат, бир-бирига кўмак бериш фазилатлари нақадар улуғ эканининг ёрқин мисолидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА