Миллий тараққиёт ва маърифатнинг мустаҳкам пойдевори
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги юртимиз ҳаётидаги улкан тарихий сана сифатида кенг нишонланмоқда. Бу қутлуғ айём нафақат ўтган 35 йиллик тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, балки келажак олдимизга қўяётган вазифалар ҳақида чуқур мушоҳада юритиш учун ҳам муҳим имкониятдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ана шу жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг халқимиз ҳаётидаги тарихий ўрнини таъкидлар экан, истиқлол туфайли миллий ўзлигимизни англаганимиз, она тилимиз, миллий қадриятларимиз ва маънавий меросимизга бўлган муносабатимиз янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Шу билан бирга келгуси ўн йилликда амалга оширилиши зарур бўлган етти миллий дастурга эътибор қаратди.
Мустақиллик миллий тафаккур, маънавий тикланиш ва маърифат тараққиёти учун кенг имкониятлар очган буюк тарихий неъматдир. Президент нутқида мустақилликнинг миллий ўзликни англашдаги аҳамиятига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Чунки ўз тарихини, аждодларининг илмий ва маънавий меросини яхши билган авлодгина Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайди.
Педагог сифатида мен бу фикрларни, аввало, таълим ва тарбия жараёни билан боғлайман. Бугун аудиторияда ўтирган талаба – эртанги мактаб ўқитувчиси, тадқиқотчи, муҳандис, шифокор, давлат ва жамият арбоби. Демак, унинг дунёқараши, билим савияси ва фуқаролик позицияси мамлакатнинг эртанги тараққиётига бевосита таъсир кўрсатади. Шу маънода таълим муассасаси фақат билим берувчи маскан эмас. У миллий ўзлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, масъулият ва эзгу мақсадлар шаклланадиган муҳим маънавий муҳитдир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг замирида оддий, аммо ниҳоятда муҳим ҳақиқат бор: юртнинг келажаги, энг аввало, унинг ёш авлоди қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ.
Президент нутқида мустақилликнинг қадр-қиммати турли касб эгаларининг ҳалол меҳнатида намоён бўлиши таъкидланиб, фарзандларга таълим-тарбия бераётган устозларнинг меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилган. Бу эътироф ҳар бир педагог зиммасига катта масъулият юклайди.
Бугунги ўқитувчи фақат дарс берувчи мутахассис эмас. У ёшларни мустақил фикрлашга, савол беришга, изланишга, янгилик яратишга ва жамиятда ўз ўрнини топишга йўналтириши керак. Айниқса, педагогика институти ўқитувчисининг масъулияти янада юксак. Чунки биз нафақат талабага билим берамиз, балки келажакда минглаб ўқувчиларга таълим берадиган бўлажак педагогларни тайёрлаймиз. Бир устознинг сифатли меҳнати шу тариқа бутун авлодлар таълимига таъсир қилиши мумкин.
Бугунги глобаллашув даврида ёш авлодни фақат миллий қадриятлар руҳида тарбиялашнинг ўзи етарли эмас, айни пайтда фақат замонавий технология ва билимларга таяниш ҳам тўлиқ натижа бермайди. Бизга миллий ўзлигини англаган, замонавий илм-фан ютуқларини эгаллаган, дунёдаги ўзгаришларни тўғри баҳолай оладиган ёшлар керак. Шу сабабли таълим жараёнида икки муҳим вазифа уйғунлашиши лозим: миллий илдизларга таяниш ва замонавий билим сари интилиш.
Аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос ёшлар учун фахр манбаи бўлиши билан бирга, янги изланишларга илҳом берувчи омил ҳам бўлиши керак.
Президентимиз Ватанимизнинг янги буюк тарихини халқимиз билан биргаликда яратиш ғоясини илгари сурди. Бу эзгу мақсадни амалга оширишда таълим ва тарбиянинг ўрни беқиёс. Зеро, янги тарихни фақат янги бинолар, технологиялар ёки иқтисодий кўрсаткичлар эмас, аввало, билимли, маънавиятли, ташаббускор ва Ватан тақдирига дахлдор инсонлар яратади.
Жавлон Қўчқоров,
Каттақўрғон давлат педагогика институти ўзбек тили ва гуманитар фанлар кафедраси мудири, доцент.
ЎзА