Миллий танловлар ғолиблари тақдирланди
Нукусда “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловлари Қорақалпоғистон Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Р.Турдибаева, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ахмедова сўзга чиқиб, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталди.
Кўрик-танлов натижасига кўра “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли” номинацияси ҳамда биринчи даражали диплом билан Чимбой туманидан Қундиз Қурбанова, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинацияси ҳамда иккинчи даражали диплом билан Хўжайли туманидан Наргиза Примбетова, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” номинацияси ҳамда учинчи даражали диплом билан Беруний туманидан Айнура Уразова тақдирланди. Шунингдек, Шуманай туманидан Замира Алланиязовага “Йилнинг энг жонкуяр устози”, Элликқалъа туманидан Дилором Айтбаевага “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси”, Тахиатош туманидан Ўрингул Ҳакимовага “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, Кегейли туманидан Лариса Дошетовага “Йилнинг энг яхши уй бекаси”, Нукус туманидан Рита Сармановага “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, Нукус шаҳридан Айдин Даўкеевага “Йилнинг энг фаол олима аёли” номинациялари топширилди.
[gallery-9678]
Тадбирда “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ғолиблари ҳам муносиб тақдирланди. Жумладан, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол вазирлик” номинацияга Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти” номинациясига “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик” номинациясига Чимбой тумани ҳокимлиги лойиқ деб топилди.
“Энг намунали тадбиркор” кўрик танлови Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби “Kungrad agro solodko sistem” масъулияти чекланган жамияти раиси Замира Хожаметова тақдирланди.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА