Миллий сунъий йўлдош Қирғизистон экологиясини кузатиш имконини кенгайтиради
Ахборот ҳамкоримиз - "Кабар" АА ёзишича, Қирғизистонга тегишли биринчи миллий сунъий йўлдошнинг орбитага чиқарилиши мамлакатга экологик вазият, музликларнинг эриши, сув ресурслари, яйловлар ва фавқулодда вазиятларни онлайн режимда мустақил кузатиш ва олинган маълумотлар асосида тезкор чоралар кўриш имконини беради.
Таъкидланишича, илгари бундай маълумотларни хорижий сунъий йўлдошлардан олиш вақт талаб қилган ва пуллик хизмат бўлган бўлса, миллий сунъий йўлдош ёрдамида Қирғизистон ўзига керакли маълумотларни доимий равишда олиши ва уларни мустақил равишда таҳлил қилиши мумкин.
Қирғизистонлик эколог Анара Султангазиева таъкидлашича, сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар мамлакат иқтисодиёти билан бевосита боғлиқ бўлган экологик вазиятни назорат қилишда муҳим роль ўйнайди.
- Бу барча соҳаларга, жумладан, иқтисодиётга ҳам тегишли, - дейди у. - Чунки, ўлкадаги экологик вазият иқтисодиёт билан бевосита боғлиқ. Масалан, сув ресурслари танқислиги қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт ва озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир қилади. Шунингдек, биологик хилма-хиллик экологик тизимга, бизнинг соғлиғимиз ва фаровонлигимизга бевосита боғлиқ.
Экологнинг фикрича, фавқулодда вазиятлар бўйича сунъий йўлдош маълумотларни олдиндан кўрсатиб берса, унга бир неча соат, балки бир неча дақиқа қолганда ҳам вазиятга тайёр туриш эҳтимоли юқори.
- Масалан, музликларни кузатиш учун ресурс ва маблағ керак, бу эса кўп вақт талаб қилади, - деди А.Султангизиева. - Сунъий йўлдош ёрдамида эса музликнинг қанчалик интенсив ёки секин эриётганини аниқ билиш мумкин. Ҳозирги вақтда катта музликлар эриб, майда муз бўлакларига айланмоқда. Биз музликларнинг эришини, қанча қор ёғаётганини ҳам кузатиб боришимиз керак. Қор қоплами қанча қалин бўлса, музликларнинг ҳосил бўлиши ва сақланишига шунча шароит яратилади.
А.Маматов, ЎзА