Миллий санъатимиз фидойиси
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган «Ботир Зокиров – миллий санъатимиз фидойиси» республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу танловда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси тасарруфидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда туман маданият марказларида тасвирий санъат йўналиши бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар, ўқитувчилар ва тўгарак раҳбарлари ўз тасвирий асарлари билан фаол иштирок этди.
Миллий эстрада санъатимизнинг асосчиси ва порлоқ юлдузи, устоз санъаткор Ботир Зокиров ижросидаги қўшиқлар халқимизнинг кўнгил мулкига айлангани билан аҳамиятлидир. Бетакрор овоз соҳиби ижросидаги қўшиқлар наинки мамлакатимизда, балки Ўзбекистонимиздан олисларда ҳам мухлислар томонидан ҳамон севиб тингланади.
Устоз серқирра ижодкор бўлгани санъат мухлисларига яхши маълум. Ботир Зокировнинг моҳир мусаввир сифатидаги истеъдоди унинг ёрқин картиналари, инсоннинг ички кечинмалари, туйғуларини очиб берувчи портретлари, манзара жанридаги асарларида кўпроқ намоён бўлган эди.
«Ботир Зокиров – миллий санъатимиз фидойиси» номли танловда иштирокчилар халқимизнинг севимли фарзанди сиймоси акс эттирилган кўплаб ижодий ишлари билан иштирок этди. Ғолиблар танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Н. Усмонова, ЎзА