Миллий рақс санъати бўйича ижодий мулоқотлар
Ўзбекистонда миллий маданият ва санъатни асраб-авайлаш, уни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, миллий рақс санъатини дунё халқларига танитиш, унинг бетакрор услуби ва маънавий қимматини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган халқаро ижодий учрашувлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлардан бири Ўзбекистон давлат хореография академиясида бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув миллий рақс санъати, маданий мерос ва халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланиб, унда турли давлатлардан ташриф буюрган таниқли мутахассислар, олимлар ва санъаткорлар иштирок этди. Тадбирда халқаро миқёсда танилган хореограф, рақс тадқиқотчиси ва педагог Сашар Зариф, АҚШнинг Мериленд штатида фаолият юритувчи машҳур рақс тадқиқотчиси, “Silk Road Dance Company” раҳбари ҳамда “Women’s Dance Traditions of Uzbekistan” китоби муаллифи Лаурел Виктория Грай хоним, шунингдек, Россия Федерациясининг Якутия Республикасидан келган мусиқашунос ва рақс мутахассислари қатнашди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилояти бўлинмасининг “Бухоро мавжлари” рақс ансамбли томонидан махсус маҳорат дарслари ташкил этилди. Маҳорат дарсларига ансамбль бош балетмейстери, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Саломат Раҳмонова раҳбарлик қилди.
Дарслар жараёнида иштирокчиларга ўзбек миллий рақс санъатининг кўп асрлик тарихи, миллий рақс мактабларининг ўзига хос хусусиятлари, айниқса, Бухоро рақс мактабининг нафосати ва жозибаси ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Бухоро рақсида мужассам бўлган ҳаё-ибо, латофат, жўшқинлик, мусиқий уйғунлик ва саҳнавий ҳаракатларнинг бадиий ифодаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, “Бухоро мавжлари” ансамбли томонидан миллий рақсларга хос саҳнавий чиқишлар, нозик ҳаракатлар ва композицион ечимлар намойиш этилди. Айниқса, Бухоро рақсига хос қўл ва тананинг майин ҳаракатлари, миллий либослар уйғунлиги ҳамда мусиқанинг жонли ижроси хорижлик мутахассисларда катта таассурот қолдирди. Улар ўзбек миллий рақс санъатининг юксак маданий қадрият эканини алоҳида эътироф этдилар.
Бундай ижодий мулоқотлар нафақат миллий санъатимизнинг халқаро нуфузини оширишга, балки турли халқлар ўртасида маданий яқинлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Зеро, санъат — миллатларни бирлаштирувчи, қалбларни яқинлаштирувчи беқиёс маънавий кучдир.
Ўзбекистон давлат хореография академиясида ўтказилган мазкур учрашув миллий рақс санъатимизнинг жаҳон маданий маконида муносиб ўрин эгаллаётганини яна бир бор намоён этди. Миллий меросимизни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш йўлида бундай тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири