Миллий озиқ-овқат хавфсизлигидан минтақавий аграр ҳамкорликкача: имкониятлар ва истиқболлар
Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш ойилиги ўтказилмоқда. Унинг мақсадларидан бири – очликка барҳам бериш масаласи. Бу ҳақда Барқарор ривожланиш маркази эксперти Муслим Эргашбаев билан суҳбатлашдик.
– Юртимизда Барқарор ривожланиш ойлиги давом этмоқда. Бугун БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидан иккинчиси – очликка барҳам бериш масалалари хусусида гаплашамиз. Аввало, ушбу мақсаднинг бугунги аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
– Барқарор ривожланиш мақсадларидан иккинчисини фақат очликка барҳам бериш мақсади сифатида талқин қилиш унинг мазмунини бироз чеклайди. Бугун бу мақсад аҳолини сифатли ва тўйимли озиқ-овқат билан қамраб олиш, фермер хўжаликлари барқарорлигини ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат тизимининг барқарорлигини кучайтириш каби ўзаро боғлиқ вазифаларни қамраб олади.
Ўзбекистон учун бу масала айниқса муҳим. Қишлоқ хўжалиги нафақат озиқ-овқат таъминоти, балки аҳоли бандлиги, экспорт салоҳияти ва ҳудудий ривожланиш билан ҳам узвий боғлиқ. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги сув ресурсларининг асосий истеъмолчиси ҳисобланади.
Шунинг учун Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида учта асосий жиҳатни уйғун ҳолда кўриш зарур – сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аграр маҳсулдорликни ошириш ва аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш имкониятини кенгайтириш.
– Сўнгги йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда. Бироқ бозорлар ва дўконларда маҳсулотлар етарли экан, хавф қаерда, деган савол туғилади?
– Менимча, айнан шу ерда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақидаги анъанавий тасаввуримизни ўзгартиришимиз керак. Озиқ-овқат хавфсизлигини бугун бозор расталарида қанча маҳсулот борлиги билан ўлчаб бўлмайди. Бозорда маҳсулотнинг мавжудлиги – бутун тизимнинг охирги натижаси, холос. Унинг ортида сув, ер, уруғ, энергия, фермер, кредит, омбор, транспорт, чегара, импорт ва экспортдан иборат катта занжир турибди. Шу занжирнинг бир бўғини узилса, эртами-кечми истеъмолчи дастурхонида сезилади.
Шунинг учун мен озиқ-овқат хавфсизлигини учта саволга берилган жавоб билан баҳолаган бўлар эдим: бугун маҳсулот борми, эртага ҳам бўладими ва аҳоли уни сотиб ололадими?Учинчи жиҳат ҳам муҳим. Маҳсулотнинг бозорда мавжудлиги етарли эмас: агар унинг нархи аҳоли учун юқори бўлса, озиқ-овқат хавфсизлиги тўлиқ таъминланган деб бўлмайди.
– Ўзбекистонда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидан иккинчи йўналишида белгиланган вазифаларга эришиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Сўнгги йилларда аграр соҳада бозор механизмларини кенгайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригацияни модернизация қилиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучаймоқда.
Яна бир муҳим қадам 2026 йилда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг ўтказилганидир. Унинг натижалари қишлоқ хўжалиги бўйича ишончли статистик базани шакллантириб, келгусида аграр сиёсат, сув тақсимоти ва инвестиция қарорларини аниқ маълумотлар билан асослаш имконини беради. Умуман, замонавий аграр сиёсатнинг асоси ресурслардан самарали фойдаланиш ва ишончли маълумотларга таяниб қарор қабул қилишдир.
– Иқлим ўзгариши бу масалани янада мураккаблаштирадими?
– Албатта. Бироқ иқлим ўзгаришининг асосий хавфи фақат ҳаво ҳароратининг кўтарилишида эмас, балки иқлим беқарорлигининг кучайишида намоён бўлади.
Фермер учун ўртача йиллик ҳароратдан кўра, экиннинг муҳим ривожланиш босқичида кузатиладиган экстремал иссиқлик ёки қурғоқчилик хавфлироқ бўлиши мумкин. Шунингдек, ёғингарчиликнинг йиллик миқдоридан кўра, сувнинг айнан вегетация даврида мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши таъсирида Ўзбекистонда сув мавжудлиги 30-40 фоизгача камайиши, ирригацияга талаб эса 25 фоизгача ўсиши мумкин. Мазкур рақамларни оддий экологик прогноз деб қабул қилмаслик керак. Бу, аввало, иқтисодий сигнал. Агар сув камайса, бир куб метр сувнинг иқтисодий қиймати ортади. Аграр соҳадаги ҳар бир қарор – қайси экинни экиш, қаерда экиш, қандай технология қўллаш – сув сиёсатининг ҳам бир қисмига айланади.
Биз узоқ вақт аграр натижани “бир гектардан қанча ҳосил олдик?” деган кўрсаткич билан ўлчадик. Сув тақчиллиги кучайиб бораётган шароитда бунинг ўзи етарли эмас.
Энди иккинчи кўрсаткич ҳам муҳим: бир куб метр сув ҳисобига қанча маҳсулот ва қанча иқтисодий қиймат яратилди? Бу жуда муҳим методологик ўзгариш. Масалан, икки экин гектаридан бир хил даромад бериши мумкин, аммо улардан бири икки баробар кўп сув талаб қилса, сув тақчил ҳудуд учун уларнинг реал самарадорлиги бир хил эмас.
Сувдан фойдаланишда «олиш – ишлатиш – чиқариб юбориш» ёндашувидан «олиш – ишлатиш – тозалаш – қайта фойдаланиш» тамойилига ўтиш муҳим. Шу маънода мен “сув тежаш” тушунчасини ҳам кенгайтириш тарафдориман. Мақсад фақат сувни кам ишлатиш эмас, сувнинг ҳар бир бирлигидан кўпроқ қиймат яратиш бўлиши керак.
– Ўзбекистон учун энг муҳим амалий вазифаларни қайси йўналишларда кўрасиз?
– Менимча, бир нечта устувор йўналиш бор. Аввало, ирригация тизимини модернизация қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарур.
Иккинчидан, давлат қўллаб-қувватлашини аниқ натижалар билан боғлаш керак. Масалан, фермерга томчилатиб суғориш ускунасини ўрнатгани учун эмас, балки сув сарфини камайтириб, маҳсулдорликни сақлагани учун рағбат бериш самаралироқ.
Учинчидан, илм-фанни фермерга яқинлаштириш муҳим. Янги нав ёки технология лабораторияда қолиб кетмасдан, амалиётга кириб бориши ва фермернинг аниқ қарорига айланиши керак.
Тўртинчи йўналиш – аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш маданиятини ошириш ва озиқ-овқат исрофини камайтириш. Етиштирилган маҳсулотни тежамкор сақлаш, қайта ишлаш ва оқилона истеъмол қилиш ҳам озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим қисми.
– Халқаро даражада озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор аграр тараққиёт соҳасида ҳали тўлиқ ишга солинмаган қандай имкониятларни кўрасиз?
– Менимча, асосий муаммо янги ғоялар ёки технологияларнинг етишмаслигида эмас. Дунёда қурғоқчиликка чидамли навлар, самарали суғориш технологиялари, сунъий йўлдош мониторинги, сунъий интеллект асосида прогнозлаш бўйича маълум ютуқлар бор. Албатта, уларнинг сони ортиши жуда муҳим. Лекин, бугуннинг асосий вазифаси – уларни илмий ишланмадан амалий ечимга тезроқ айлантириш.
Бунинг учун, аввало, илм-фан ва қишлоқ хўжалиги амалиёти ўртасидаги тафовутни қисқартириш керак. Фермер мураккаб илмий кўрсаткичдан кўра, қачон суғориш, қаерда хавф юқори ёки қандай чора кўриш зарурлигини билиши муҳим. Унга “NDVI индекси пасайди” деган маълумот эмас, “уч кундан кейин суғориш керак”, “бу майдонда касаллик хавфи юқори” ёки “сув сарфини камайтирмасангиз ҳосил йўқотиш хавфи бор” деган аниқ тавсия керак. Демак, халқаро рақамлаштиришнинг кейинги босқичи маълумот тўплаш эмас, маълумотни қарорга айлантириш бўлиши керак.
Сув танқис ҳудуд ҳар бир маҳсулотни ўзи етиштириши шарт эмас. Айрим маҳсулотларни сув ва энергиядан самарали фойдаланадиган ҳудудлардан импорт қилиш орқали умумий ресурс сарфини камайтириш мумкин. Бу ерда озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий самарадорлик ўртасидаги мувозанат сақланиши лозим.
Шунингдек, озиқ-овқат йўқотишларини камайтириш катта имконият беради. Озиқ-овқат занжири, замонавий омборлар, қайта ишлаш ва логистика тизимларини ривожлантириш орқали қўшимча ер ва сув ресурсларини жалб этмасдан ҳам озиқ-овқат таъминотини ошириш мумкин.
Иқлим ўзгариши шароитида маҳаллий экин навлари, уруғлар ва чорва генетикаси стратегик аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Бир давлатда йўқолган генетик ресурс бошқа давлатда сақланиб қолган бўлиши мумкин. Шунинг учун халқаро уруғ банклари, қўшма селекция дастурлари ва иқлимга чидамли навларни тезкор алмашиш тизими келажак озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим элементига айланиши мумкин.
– Халқаро ҳамкорлик ҳақида гапирдик. Аммо Ўзбекистон нуқтаи назаридан озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор аграр тараққиёт соҳасида қайси ташқи йўналишни энг муҳим деб ҳисоблайсиз?
– Менимча, Ўзбекистон учун бу борада энг муҳим йўналиш – Марказий Осиё. Бу масалада географик яқинликнинг ўзи асосий омил эмас. Марказий Осиё мамлакатларининг озиқ-овқат тизимлари сув ресурслари, транспорт тармоқлари, иқлим шароити ва аграр бозорлар орқали бир-бири билан чамбарчас боғланган. Айниқса, трансчегаравий сув ресурслари ва транспорт йўлаклари, шунингдек, умумий иқлим хавфлари бир мамлакатдаги ўзгаришларнинг бошқа мамлакатларга ҳам таъсир кўрсатишига сабаб бўлади.
Шунинг учун Ўзбекистоннинг миллий аграр сиёсатини минтақавий жараёнлардан алоҳида кўриб бўлмайди. Масалан, сув оқимининг ўзгариши ҳосилдорликка, қўшни давлатлардаги ҳосилнинг камайиши нархларга, транспорт ва чегарадаги узилишлар эса маҳсулотларнинг бозорга етиб боришига бевосита таъсир қилиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёни Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигининг ташқи муҳити эмас, унинг кенгайтирилган аграр экотизими сифатида кўриш керак, деб ўйлайман.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. Минтақа мамлакатлари бир хил ресурсларга эмас, бир-бирини тўлдирувчи имкониятларга эга. Қозоғистоннинг катта ер майдонлари ва ғаллачилик салоҳияти, Қирғизистон ва Тожикистоннинг сув-энергетика имкониятлари, Ўзбекистоннинг интенсив деҳқончилик, боғдорчилик, қайта ишлаш ва катта истеъмол бозори, Туркманистоннинг ўзига хос агроиқлим имкониятлари – буларни фақат миллий активлар сифатида эмас, минтақавий қиймат занжирларини шакллантириш нуқтаи назаридан ҳам кўриш мумкин.
Бу дегани ҳар бир мамлакат ўз озиқ-овқат сиёсатидан воз кечади, дегани эмас. Аксинча, миллий барқарорлик минтақавий кооперация ҳисобига кучайтирилади.
Менимча, Марказий Осиё учун ягона “Аграр реестр” яратиш муҳим. Унда ер ва сув ресурслари, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, логистика, экспорт ва иқлим хавфлари ҳақидаги маълумотлар бир тизимга жамланади.
Асосий мақсад – фақат статистикани тўплаш эмас, балки қайси ҳудудда қандай имконият борлиги ва мамлакатлар бир-бирини қаерда тўлдириши мумкинлигини аниқлаш. Шунда миллий маълумотлардан фойдаланиб, минтақавий кооперация ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича аниқроқ қарорлар қабул қилиш мумкин.
Ҳозирги кунда Марказий Осиёда сув ресурсларидан фойдаланиш, энергетика, транспорт ва савдо соҳаларида алоҳида ҳамкорлик механизмлари шаклланган. Аммо фермер нуқтаи назаридан буларнинг барчаси битта тизим. Унга сув керак, энергия керак, уруғ ва технология керак, маҳсулотини эса бозорга чиқариши лозим. Шунинг учун кейинги босқичда “сув – энергия – озиқ-овқат – транспорт” боғлиқлигини ягона иқтисодий занжир сифатида кўриш муҳим.
Марказий Осиёда маҳсулот етиштиришнинг ўзи етарли эмас; уни эҳтиёж бор жойга тез етказиш ҳам муҳим. Шунинг учун тез бузиладиган маҳсулотлар учун электрон фитосанитар ҳужжатлар, лаборатория натижаларини ўзаро тан олиш, тезкор божхона тартиблари ва совуқ логистикани бирлаштирадиган “яшил аграр йўлаклар”ни ривожлантириш мумкин.
Минтақада қурғоқчилик, шўрланиш, суғорма деҳқончилик, тоғ қишлоқ хўжалиги ва селекция бўйича катта тажриба тўпланган. Лекин бу билимлар ҳали ҳам миллий чегараларда тарқоқ ҳолда қолмоқда. Марказий Осиё аграр билим тармоғи орқали олимлар, университетлар, тажриба хўжаликлари ва фермерларни боғлаш мумкин. Бир давлатда яратилган иқлимга чидамли нав ёки сув тежаш усули қўшни мамлакатда тез синовдан ўтиши керак.
Менимча, минтақавий ҳамкорликда товар айирбошлаш билан бир қаторда билим, тажриба ва технология алмашинувини ҳам жадаллаштириш зарур. Энг муҳими, Марказий Осиёда аграр ҳамкорликни фақат хавфларга жавоб бериш воситаси деб эмас, янги иқтисодий имконият яратиш механизми сифатида кўриш зарур.
Бугун жаҳон бозорида алоҳида мамлакатнинг имкониятлари чекланган бўлиши мумкин. Аммо умумий стандартлар, қайта ишлаш, логистика ва қўшма қиймат занжирларини ривожлантириш орқали Марказий Осиё ягона ва рақобатбардош аграр макон сифатида ташқи бозорларга чиқиш имкониятига эга. Шу сабабли мен Марказий Осиё учун минтақавий аграр сиёсатнинг мантиғини уч босқичда кўраман: биринчи – умумий хавфларни биргаликда кўриш; иккинчи – мавжуд ресурслардан биргаликда самарали фойдаланиш; учинчи – умумий иқтисодий қиймат яратиш. Шунда Марказий Осиё ҳамкорлиги “муаммоларни биргаликда ҳал қилиш” даражасидан “имкониятларни биргаликда яратиш” даражасига кўтарилади.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.