Миллий маданий марказларга сертификат топширилди
5 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Жамоат фондининг давлат грантлари ажратиш учун эълон қилинган танлов ғолибларига сертификатлар топширилди.
Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
2020 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида 13 йўналиш бўйича 5-танловни эълон қилган эди. Танлов якунида 37 та нодавлат нотижорат ташкилот ғолибликни қўлга киритди. Улар орасида мамлакатимизда фаолият юритаётган қозоқ, рус, украин, туркман, озарбайжон миллий маданий марказлари ҳам бор.
Бугунги кунда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни изчил амалга оширишда, қабул қилинаётган дастурлар ижросини таъминлашда нодавлат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда давлат гранти ғолиблари бўлган миллий маданий марказлар мамлакатимизда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, турли миллат вакилларининг фаоллигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ижтимоий буюртмасига асосан ўтган йил Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан этномаданий инфратузилмани, жумладан, миллий маданий марказларни ривожлантириш мақсадида 600 миллион ва 1,45 миллиард сўмлик давлат грантлари ажратилган эди.
Жорий йилда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан 60 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган. Бу ҳам ННТлар давлатимизнинг доимий эътиборида эканидан далолат.
Тадбирда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларига махсус сертификатлар топширилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА