Миллий маданий марказлар – ҳамжиҳатлик ва бирдамлик маскани
Қашқадарё қадимдан турли миллат, тил ва эътиқод вакиллари ёнма-ён яшаб, меҳнат қилиб келган, ўзига хос маданий муҳит шаклланган воҳа сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу заминда миллатлараро тотувлик кундалик ҳаёт - қўшничилик муносабатлари, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, байрам ва маросимларни биргаликда ўтказиш каби анъаналарда намоён бўлади.
Аслида, халқнинг энг катта бойлиги турли маданият вакилларининг бир заминда тинч-тотув яшай олиши, бир-бирининг қадриятларини ҳурмат қилиши ва умумий мақсадлар йўлидаги ҳамжиҳатлигидир.

Ана шу ҳамжиҳатликни асраш, уни янги авлод тафаккурига сингдириш ва умумий тараққиёт омилига айлантиришда миллий маданий марказлар муҳим жамоатчилик институти ҳисобланади. Улар, аввало, маданий хотирани сақлайдиган, авлодларни боғлайдиган, турли миллат вакиллари ўртасида мулоқот ва ўзаро англашувни кучайтирадиган ижтимоий майдондир.
Ҳуқуқий кафолат ва ижтимоий ишонч
Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч ва аҳил ҳаёт кечирмоқда. Мамлакатда 157 та миллий маданий марказ ва 46 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. Таълим 7 тилда олиб борилса, теле ва радиодастурлар 12 тилда эфирга узатилади, газета ва журналлар эса 14 тилда нашр этилмоқда.
Сўнгги йилларда миллатлараро муносабатлар соҳасида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани ҳам бу йўналишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари изчил мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Қашқадарё: маданиятдан ҳамжиҳатлик сари
Бугун Қашқадарё вилоятида Араб, Тожик, Рус, Татар-бошқирд ва Туркман миллий маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз она тили, адабиёти, санъати, миллий либоси ва урф-одатларини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга ҳисса қўшмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг фаолияти муайян миллат доираси билан чекланиб қолмаган. Наврўз, Мустақиллик байрами, Халқлар дўстлиги куни ва бошқа умумхалқ тадбирларида турли миллий маданий марказларнинг бир сафда иштирок этиши Қашқадарёдаги маданий хилма-хилликнинг ягона ижтимоий маконда уйғунлашиб бораётганини кўрсатади.
Марказлар қошидаги фольклор ва бадиий жамоалар эса миллий хотирани саҳна тили орқали намоён этмоқда. “Кояш”, “Гунеш”, “Ал-жийнат”, “Сударушка” каби ансамблларнинг вилоят ва республика миқёсидаги тадбирларда иштирок этиши миллий санъат намуналарини кенг жамоатчиликка тақдим этиш билан бирга, уларни кейинги авлодларга етказиш вазифасини ҳам бажармоқда.
Бу жараёнда Қашқадарё Араб миллий маданий маркази фаолиятида миллий меросни сақлашнинг турли йўналишлари уйғунлашган. Жейновда анъанавий араб гиламдўзлиги устахонаси, араб тили курслари ва этнографик музей фаолияти йўлга қўйилган. “Асрлар қўйнидан”, “Жейновликлар”, “Ўзбекистон араблари” каби ҳужжатли фильмлар яратилган, қадимий қўшиқ ва рақслар саҳнага олиб чиқилган.
Шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Араб ҳамда Татар-бошқирд миллий маданий марказларига “Турли миллат ва элатлар ўртасидаги тотувликни таъминлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларини ривожлантириш” йўналишида давлат грантлари ажратилиши мазкур соҳани давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Мазкур лойиҳалар миллий маданий марказларнинг ташкилий ва моддий-техник имкониятларини кенгайтириш, янги маданий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш, ёшларни миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш ҳамда жамиятда фуқаролар бирдамлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Маданий мулоқот – ижтимоий ишонч омили
Миллий маданий марказларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳам муҳим бўлиб, вилоятда улар иштирокида ўтказилаётган қўшма концертлар, адабий-бадиий кечалар, миллий таомлар ва ҳунармандлик кўргазмалари турли маданиятларни бир-бирига яқинлаштиради.
Айниқса, марказларнинг хайр-саховат, ободонлаштириш, экологик акциялар ва ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиши маданият ва фуқаролик масъулиятини бир нуқтада уйғунлаштиради. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, маҳаллаларни ободонлаштириш ёки табиатни асраш каби эзгу ташаббусларда инсоннинг инсонийлиги ва фуқаролик позицияси устувор бўлади.
Шу жиҳатдан, миллий маданий марказларнинг ўзаро ҳамкорлиги нафақат турли миллатларнинг маданий меросини асраш ва тарғиб қилиш, балки жамиятда ўзаро ишонч, меҳр-оқибат ва фуқаролик бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим омилдир. Биргаликдаги маданий тадбирлар, хайр-саховат ва ижтимоий ташаббуслар орқали турли миллат вакиллари бир-бирини яхшироқ англаб, умумий қадриятлар атрофида бирлашмоқда.
Асосий эътиборда ёшлар
Бугун миллатлараро тотувликни таъминлашда энг муҳим вазифалардан бири ушбу қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришдир. Зеро, бағрикенгликни фақат байрамларда эслашнинг ўзи кифоя эмас. У оила, мактаб, маҳалла, олий таълим муассасаси ва жамоатчилик муҳитида кундалик ҳаёт тарзига айланиши керак.
Она тили ва фольклор тўгараклари, китобхонлик кечалари, ижодий учрашувлар, музей ва тарихий масканларга саёҳатлар ёшларнинг ўз миллий мероси билан фахрланиш туйғусини кучайтиради. Бошқа миллат вакиллари билан қўшма лойиҳалар эса уларда маданий фарқларни тўғри англаш, ҳурмат қилиш ва умумий мақсад йўлида ҳамкорлик қилиш кўникмасини шакллантиради.
Бу борада замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш ҳам муҳим. 2026 йилда Қашқадарё вилояти татар-бошқирд миллий маданий маркази фаолиятига бағишланган “Бир осмон остида” телекўрсатувининг намойиш этилгани миллий марказлар ҳаётини кенг жамоатчиликка етказишнинг яхши намунаси бўлди.
Бугун ёш авлод ахборотни асосан рақамли муҳитдан олаётганини ҳисобга олсак, миллий маданий марказларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини кучайтириш долзарб вазифадир. Қисқа видеолар, подкастлар, интервьюлар, рақамли кўргазмалар, миллий ҳунармандлик ва фольклор намуналарининг электрон архивларини яратиш орқали маданий меросни ёшларга улар тушунадиган ва қизиқадиган шаклда етказиш мумкин.
Қадриятларни асраш уни келажакка етказиш демак
Баъзан бир дастурхон атрофидаги самимий суҳбат, бир саҳнада янграган турфа қўшиқлар ёки бир мақсад йўлида амалга оширилган хайрия ташаббуси юзлаб расмий шиорлардан кўра кучлироқ таъсир қилади. Чунки одамлар тотувлик ҳақида нафақат эшитади, балки уни амалда ҳис қилади.
Миллий маданий марказларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имкониятлар ҳам бу жараённинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 2021 йилдан уларга давлат субсидиялари ажратилиб, “Дўстлик уйлари” ва тегишли биноларда бепул фаолият юритиши учун шароит яратилган.
Шу нуқтаи назардан, оғзаки тарих намуналарини ёзиб олиш, нодир қўшиқ ва маросимларни рақамлаштириш, миллий либос ва ҳунармандлик намуналарини каталоглаштириш, уларни ўзбек тили билан бир қаторда миллий тилларда ҳам электрон шаклда жамоатчиликка тақдим этиш келгуси даврдаги муҳим вазифалардандир.
Вилоятдаги миллий маданий марказлар ўртасида йиллик қўшма дастур шакллантириш ҳам яхши самара беради. Хусусан, маданий ҳафталиклар доирасида тил ва адабиёт кунлари, оилавий ҳунармандлик кўргазмалари, талабалар илмий мулоқотлари, миллий таомлар фестивали ва хайрия акцияларини ягона дастурга бирлаштириш мумкин.
Шу маънода айтганда, миллий маданий марказларнинг бугунги вазифаси фақат ўтмиш меросини сақлаш билан чекланмаслиги керак. Улар тарих ва замонавийлик, миллий ўзлик ва умумфуқаролик қадриятлари, катта авлод тажрибаси ва ёшлар ташаббусларини боғлайдиган тирик кўприк вазифасини бажариши лозим. Чунки ҳар бир миллий маданият бошқа маданиятлар билан мулоқотда янада бойийди, қадриятлар инсонларнинг бир-бирига бўлган муносабатида қайта яратилади. Миллий маданий марказлар эса бугун ана шу қадриятларни ҳаётга татбиқ этаётган масканлар сифатида муҳим ижтимоий вазифани бажармоқда.
Рустам АННАЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА