Миллий кино санъатига бахшида умр
Миллий кино санъати марказида атоқли кинорежиссёр, ўзбек киносининг асосчиларидан бири Наби Ғаниев таваллудининг 120 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида миллий кино санъатимиз дарғаси Наби Ғаниев ҳаёти ва ижодига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, киношунос олима, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, устоз ижодкор Нигора Каримова миллий кино санъатимизнинг дарғалари ижодини пухта ўрганиш, уларнинг ибратли фаолиятига эътибор қаратиш бугунги кунда санъатимиз ривожи учун ғоят муҳим эканини таъкидлади.

Тантанали тадбирда таъкидланганидек, атоқли ўзбек кинорежиссёри, миллий кинорежиссура мактаби асосчиси Наби Ғаниев дунё миқёсида эътироф этилган ижодкор эди. Унинг “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддиннинг саргузаштлари” фильмлари жаҳон кино санъати дурдоналари сифатида тан олиниб, ўзбек кино санъатининг кейинги ривожига улкан ҳисса қўшган.
–Наби Ғаниев дастлаб “Шарқ юлдузи” деб номланган, кейинчалик эса “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлаган пайтларида истеъдодли ёшларни кино соҳасига жалб этиш борасида катта ишлар олиб борди, – деди таниқли киношунос олим Ҳамидулла Акбаров. – Наинки юртимиз, балки Бутунжаҳон кинематография санъати мероси бўлган “Тоҳир ва Зуҳра” фильми янги ижодий, бадиий, техник услубларнинг қўлланилгани, фильмдаги барча эпизодлар ва лавҳаларнинг юксак маҳорат билан ишлангани, зиддиятли лавҳалари мукаммал яратилгани, фильм бошдан якунига қадар миллийликка йўғрилгани билан қадрли.
– Наби Ғаниев миллий мусиқани жуда қадрлар эди, – деди таниқли ҳофиз Ҳасан Ражабий. – Отам Юнус Ражабий билан Наби ака жуда аҳил эдилар. Кинорежиссёр отам билан бизнинг Чақар маҳалладаги хонадонимизда “Насриддиннинг саргузаштлари” картинасининг мусиқаси бўйича маслаҳатлашган эдилар. Бундай ҳамкорлик натижасида фильм учун ажойиб қўшиқлар юзага келди.

Маълумотларга кўра, Наби Ғаниев 1904 йил Тошкентда туғилган. Болалигидан шеър мутолaаси, қўшиқ куйлаш, дутор чалиш, расм чизишни яхши кўрган. У рассом бўлишни орзу қилади ва 1924 йил Москвадаги таълим даргоҳига ўқишга ҳужжат топширади. Айнан шу ерда у илк бор фильмларни кўради ва кино санъатига умрбод мафтун бўлиб қолади. 1925 йил Наби Ғаниев Тошкентга қайтади ва эндигина ташкил этилган “Шарқ юлдузи” киностудиясида ишлашни бошлайди.
Аввалига у актёр сифатида киноларда қатнашади. Сўнгра “Бахт қуёши”, “Сўнгги бек” ва бошқа картиналарда режиссёрларга ассистентлик қилади. Кейинроқ мустақил режиссёр сифатида “Юксалиш”, “Йигит”, “Биз ғалаба қозонамиз”, “Жасур дўстлар” фильмларини суратга олади.
Кинематографиячиларнинг миллий кадрларни яратиш вазифасини англаб, у янги санъат тарғиботчиси ўрнига чиқади ва бор кучи билан студияга иқтидорли ёшларни жалб қилишга ҳаракат қилади. Ўтган асрнинг 30-йилларидаги мустабид тузумнинг қатағон зулми Наби Ғаниевнинг ҳам бошига оғир кунларни солган эди. 1939 йилда у ҳибсдан озод этилади. Бу оғир синовлар кино дарғасининг иродасини бука олмади. 1947 йилнинг 5 майида Швеция газетаси чоп этган мақолада “Ўзининг “Тоҳир ва Зуҳра” фильми билан Шарқ тўғрисидаги бундай асл тасаввурни яратишга қодир бўлган иқтидорли ўзбек кино режиссёри Наби Ғаниевнинг даражасига Голливуд эриша олмади” деб юксак баҳо берилган эди.

Наби Ғаниев "Тоҳир ва Зуҳра" фильми учун Италияда бўлиб ўтган 19-Осиё фильмлари фестивалида “Жаҳон киносига қўшган улкан ҳиссаси учун” махсус дипломига муносиб кўрилган.
– Отам ўзбек кинематографиясини шакллантириш, ривожлантиришдек улуғвор мақсадлар билан яшаган инсон эдилар, – деди режиссёрнинг фарзанди Чарос Юсуфбекова. – Отам жуда оилапарвар инсон эдилар. Ҳа, биз коммунал уйларда, жуда камтарона ҳаёт кечирганмиз. Лекин бу қийинчиликлар миллий кино санъатини ривожлантиришдек катта ва эзгу мақсад олдида ҳеч гап эмас эди. Наби Ғаниевда рассомлик, актёрлик, режиссёрлик, сценарийнавислик истеъдоди мужассам эди. Отам Москвага ўқишга борганларида Абдулла Қодирий билан суҳбатлашишга муяссар бўлганлар. Чўлпон билан яхши таниш эдилар. Отамнинг қатъиятли шахс экани унинг ҳақиқатпарварлиги билан изоҳланади. Шунинг учун ҳам кўпчиликка сўзини ўтказа олар эди. Инсоннинг умри неча йил яшагани билан эмас, нечоғли мазмунли ҳаёт кечиргани, умрини қандай эзгу мақсадларга бағишлай олгани билан белгиланади. Сулоламиз давомчилари актёр Отабек Ғаниев (марҳум), таниқли журналист Шаҳноза Ғаниева, хонанда Райҳон Ғаниева санъат йўлида отамнинг ишларини давом эттирдилар.
Тантанали хотира кечасида Наби Ғаниев хотирасига бағишланган фильм намойиш этилди. Санъат усталари ижросидаги концерт дастури кечага янада ўзгача файз бағишлади.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири