Миллий банк иш ўрни бозорида мувофиқлаштирувчилардан бири (+видео)
"Талаба экспо-2026" лойиҳаси доирасида минглаб битирувчиларга иш ўринлари ва бизнес учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Ёшларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига қандай шароитлар яратилмоқда?
Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммадовнинг таъкидлашича, олий ўқув юртининг 6900 дан зиёд битирувчиси бор.
Бу рақам Ўзбекистон Миллий банки шафелигида ўтаётган “Талаба экспо-2026” лойиҳасининг навбатдаги тадбири очилишда қайд этилди. Хўш, мамлакатимизда қанча битирувчи бор? Уларни иш билан таъминлашда қандай услублар қўлланиб, қандай натижаларга эришилмоқда?

“Келажакка илк қадам” маркази ташкил этган тадбирда таъкидланишича, биргина Фарғона вилоятида 2025 йилда олий ўқув юрти битирувчиларига ўз лойиҳа ва стартапини амалга ошириш учун 28 млрд.сўм имтиёзли кредит берилган. Бу йил эса, Миллий банк Фарғона вилоятида ёшлар лойиҳаларига 33 миллиард сўм ҳамда 15 млн.доллар ажратди.
– Ҳозиргача бу маблағнинг 20 млрд сўми ўзлаштирилди, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов.
“Талаба экспо - 2026” кўргазмасига 6 мингта бўш иш ўринлари қўйилди. Уларнинг аксарияти шу заҳотиёқ эгалик бўлди.

– Иш ўрни топишимда Миллий банк томонидан ташкил этилган “Талаба экспо–2026” лойиҳасининг ўрни катта бўлди, – дейди “Riga nordik universiteti” битирувчиси Нилуфар Абдуманнонова. – Президент яратиб берган шароитлар туфайли банкдан имтиёзли кредит олиб, энди ишловчи эмас, ҳатто иш берувчи бўлиб меҳнат бозорига кириб бориш имкониятига эга бўлдик. Мен ҳам ўз стартап лойиҳам билан “Талаба экспо-2026” лойиҳасида қатнашиб, уйда вақтинча ўтирган аёлларга иш ўрни яратмоқчиман.

– Ўғлим бу йил 4-курсни битирди. “Келажакка қадам” марказининг “Талаба экспо–2026” лойиҳаси оиламизга, ўғлимга катта ёрдам берди, – дейди битирувчининг онаси Мунира Тўраева. –У бугун футбол мактабига мураббийлик лавозимига ишга жойлашди ва тегишли шартномалар имзоланди.
Шу бугун “Келажакка илк қадам” марказининг кўмаги асосида Миллий банк ва битирувчилар ўртасида имтиёзли кредит ажратиш ҳақида ўнлаб шартномалар имзоланди.

– Миллий банкдан “Келажакка илк қадам” дастури орқали 20 миллион сўм имтиёзли кредит олдим, – дейди Фарғона давлат университети битирувчиси Нозанинбону Абдумаликова. – Ҳозирда рус ва хорижий тилларни ўқитадиган хусусий ўқув марказини очдим. Ўқувчиларимдан 30 нафарга яқини миллий сертификатларни қўлга киритишди.
Ўзбекистон Миллий банки ўзининг лойиҳалари билан мамлакат меҳнат бозори мувофиқлаштирувчиларидан бирига айланмоқда.
<iframe width="914" height="523" src="https://www.youtube.com/embed/eZsmhsQqzYw" title="Milliy bank ish o‘rni bozorida muvofiqlashtiruvchilardan biri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА