Миллий антидопинг агентлиги фаолияти янада такомиллаштирилмоқда
Мамлакатимизда спортга қаратилаётган улкан эътибор самарасида спортчиларимиз томонидан эришилаётган юксак натижалар ва ўрнатилаётган қатор Осиё ҳамда жаҳон рекордлари нуфузли халқаро спорт ташкилотлари томонидан эътироф этилмоқда.
Сўнгги йилларда қўлга киритилаётган натижалар сабаб жаҳон спорт рейтингида мамлакатимизнинг ўрни янада мустаҳкамланиб, Ўзбекистон спортчилари Олимпия спорт турлари бўйича кучли ўттиз, Паралимпия спорт турлари бўйича кучли ўнликдан жой эгаллаб турибди.
Табиийки, бундай улкан натижалар соф, адолатли ва ҳалол ғалабалар эвазига қўлга киритилиши зарур. Шу нуқтаи назардан Бутунжаҳон допингга қарши агентлиги ҳам барча давлатларни 3 та гуруҳга (А, В ва С) бўлган ҳолда ўзига хос рейтингни ташкил қилган.
Ушбу рейтингга кўра, жаҳонда спорт натижалари бўйича биринчи 100 таликка кирган давлатлар “А” гуруҳига, 101-150-ўринни эгаллаб турган давлатлар “В” гуруҳига ҳамда 151- ва ундан юқори ўриндаги давлатлар эса “С” гуруҳига киритилган.
Рейтингда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги “А” гуруҳидан жой олган. Ушбу гуруҳга киритилган барча давлатлар миллий антидопинг агентликлари ташкилий тузилмаси, фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш бўйича ЮНЕСКО ташкилотининг Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция ва халқаро антидопинг стандартлари талаблари ва тавсияларига тўлиқ ва қатъий риоя этишлари, қолган давлатлар учун эса маълум вақт давомида юмшатилган тартиб белгиланган.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг фаолияти юқоридаги халқаро хужжатлар талабларига янада мослашишига хизмат қилади.
Мазкур қарорга кўра, спортда допинг қўлланилишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция, Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва бошқа халқаро антидопинг стандартлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Бутунжаҳон допингга қарши агентлигининг тавсия ва таклифларини инобатга олиб қуйидаги вазифалар амалга оширилиши белгиланган:
Хусусан, Миллий антидопинг агентлиги бошқарув ходимларининг чекланган сони 9 нафардан 18 нафаргача кўпайтирилади. 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра, Агентлик ходимларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари 1,5 баравар миқдорда қўлланилади. Агентлик бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилди.
Шунингдек, Миллий антидопинг агентлигининг тасдиқланган янги тузилмасига Допинг синовларини режалаштириш ва терапевтик истиснолар бўлими, Допинг назорати бўлими, Антидопинг қоидабузарликлар ва “ADAMS” мониторинги бўлими ҳамда Антидопинг таълим дастурлари бўлими киритилди. Бундан ташқари, Агентликда алоҳида Ахборот хизмати фаолияти йўлга қўйилади.
Қарор билан Агентлик ҳузуридаги 3 та комиссиянинг вазифалари белгиланди:
тақиқланган моддалардан фойдаланиш борасида спортчиларнинг ариза ва ҳужжатларини ўрганиб, хулоса чиқариш билан шуғулланадиган Терапевтик истисно бўйича комиссия;
антидопинг қоидалари бузилиши ҳолатларини ўрганиб, қарор чиқариш билан шуғулланадиган Ахлоқ бўйича комиссия;
Терапевтик истисно бўйича комиссия хулосаси ва Ахлоқ бўйича комиссия қароридан норози томоннинг аризасини ўрганиб, қарор чиқариш билан шуғулланадиган Апелляция бўйича комиссия.
Кенгайтирилган таркибдаги Агентликнинг самарали фаолиятини ташкил этиш мақсадида марказий аппарат учун 2 та махсус автотранспорт воситаси харид қилиниши белгиланди.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлигининг келгусидаги фаолияти янада такомиллашиши ва ўзбек спортчиларининг янги марраларни забт этишига хизмат қилади.
Нодиржон ТУРСУНОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Миллий антидопинг агентлиги бош директори.
ЎзА