15 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди
Навоийда ўтказилган ҳудудий мева-сабзавот ярмаркасида 300 дан ортиқ фермер хўжалиги, агрофирма ва қайта ишловчи корхоналар 25 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан иштирок этди.
Навоийда ўтказилган ҳудудий мева-сабзавот ярмаркасида 300 дан ортиқ фермер хўжалиги, агрофирма ва қайта ишловчи корхоналар 25 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан иштирок этди.Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш жараёнида кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш билан бирга, уларни қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришда юксак самаралар бермоқда.
– Жорий йилдан хорижга дуккакли маҳсулотлар етказиб беришни бошладик, – дейди Хатирчи туманидаги “Хатирчи озиқ-овқат” агрофирмаси директори Очил Суяров. – Бунда Биринчи Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. 10 дан зиёд ёш меҳнат қилаётган корхонамизда мошни қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилган. Айни пайтда Ҳиндистонга 100 тонна мош сотиш бўйича имзоланган шартнома асосида иш олиб боряпмиз. Бангладеш, Вьетнам давлатига ҳам мош сотиш режалаштирилган.
Ярмарка давомида фермер ва тайёрлов корхоналари, агрофирмалар ўртасида 15 минг 410 тонна маҳсулот етказиб бериш бўйича 15 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди.