Миллатпарвар олим
Устозларни шарафлаймиз
Республика илмий жамоатчилиги фалсафа фанлари доктори, профессор Саъдулла Отамуродовни миллатимизнинг фидойи фарзанди сифатида яхши билади. Устоз самимий дўст ва амалиётчи олим бўлиб, эллик йилдирки, олий ўқув даргоҳида ўғил-қизларимизга гуманитар фанлардан сабоқ бериб келади.
Домланинг ҳаёт йўли мураккаб ва машаққатли кечган. У 1965 йили ўрта мактабни тамомлаб, 1965–1966 йилларда қишлоқдаги 8 йиллик мактабда пионерларга етакчилик қилгач, 1966–1971 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети (ўша пайтдаги ТошДУ) тарих факультетида таҳсил олди. 1971–1972 йиллари тарих факультетида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1972– 1975 йилнинг декабригача университетнинг кундузги аспирантурасида ўқиди. Аспирантурани тугатгандан кейин Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент политехника институтига катта ўқитувчи лавозимида ишга юборилди. 1978 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, собиқ иттифоқда таниқли олим ва мураббий профессор Ҳ.Ғ.Расулов раҳбарлигида “Миллий маънавиятларнинг байналминаллашуви” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Бу мавзунинг мураккаблиги шунда эдики, собиқ шўролар даврида миллий маънавият ҳақида фикр юритиш амалдаги сиёсатга зид эди. Диссертацияда “байналминаллашув” тушунчасини қўллаш орқали миллий маънавиятларни асраб қолиш ғояси илгари сурилди. Буни асослаш мақсадида “байналминаллашув” фақат миллийликдаги энг илғор заминлар асосида шаклланади”, деган концептуал ғоя ишлаб чиқилди.
Саъдулла Отамуродов 1976–1988 йилларда А.Р.Беруний номидаги Тошкент Политехника институтига (ҳозирги ТДТУ) катта ўқитувчи, доценти бўлиб ишлади. 1988 йил октябрдан Собиқ СССР фанлар академиясининг фалсафа институтининг этнология бўлимига докторантурага юборилди. Бу институтда фалсафа фанлари доктори, Россияда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор А.И.Доронченков илмий маслаҳатчилигида “Жамиятни янгилаш жараёнида миллий маънавият ва миллий ўзликни англаш (ижтимоий-фалсафий аспекти)” мавзусида докторлик диссертацияси устида тадқиқотлар олиб борди. Диссертация мавзусининг қалтис жиҳати шунда эдики, бу даврда жар ёқасига келиб қолган тузумни сақлаб қолиш учун собиқ марказда турли тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ қилиш ҳаракатлари авж олдирилган эди. Аммо, етмиш йилда мажбурлаб ушлаб турилган миллатларнинг сабр-косаси тугаб бўлганди. Уларнинг ўзлигини англаши ва ўз заминларига интилиши кучайиб, ўлаётган тузумни сақлаб қолишнинг ҳеч қандай имкониятини қолдирмаган эди. Бу, ўз навбатида, тузумнинг қулашини тезлаштирди. Мана шу жараённи холисона ўрганиб, миллий тараққиётнинг истиқболлари ҳақида концептуал ғоялар ишлаб чиқиш зарур эди. Шу маънода ҳам диссертация бу давр учун илмий янгилик бўлиб, у собиқ СССРда иккинчи тадқиқот эди. Чунки, Шўролар ҳукмронлиги шароитида бу мавзуда миллий кадрларга тадқиқотлар олиб боришга рухсат берилмасди. Собиқ марказдаги илмий тадқиқот институтларида эса “ягона совет халқи”нинг “ягона” маънавиятни шакллантириш зарурлиги вазифа қилиб белгиланган эди. Саъдулла Отамуродов устозининг масалага ва юзага келган вазиятга холисона ёндашганлиги ҳисобига шу мавзуда тадқиқот олиб боришга муваффақ бўлганди. Муаммо шунда эдики, бу даврда ҳали тузум ҳаёт эди. Шунинг учун собиқ марказда шу йўналишда тадқиқотлар олиб бораётган олимларнинг кўпчилиги ҳали тузумни сақлаб қолиш ва миллатларга бир қатор эркинликларни бериб, уларнинг “бирлигини” сақлаб қолишдан умидвор эдилар. Шунинг учун миллий маънавият ва миллий ўзликнинг ривожланишига урғу бериш хатарли, деб ҳисоблар эдилар. Саъдулла Отамуродовнинг устози бундай мураккаб вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олиб, уни қўллаб-қувватлади.
Бу даврда “миллат” тушунчасига халқларнинг буюк “даҳо”си Иосиф Сталин томонидан берилган таъриф амалда эди. Баъзан илмий тадқиқотларда эътирозлар билдирилган бўлса-да, ҳали янгича қарашлар шаклланмаган, айниқса “миллат”га таъриф берганда унинг муҳим элементи сифатида “миллий ўзликни англаш”ни таърифнинг таркибий қисмига киритиш ёки киритмаслик масаласи ижтимоий фалсафада муаммолигича қолаётган эди. Шу соҳада бутун умри давомида тадқиқотлар олиб бораётган олимлар бу омилни таърифга киритишга қарши бўлдилар. Саъдулла Отамуродовнинг диссертациясида ушбу масала илмий асосланди ва таърифи келтирилди. Диссертация Москвадаги Фалсафа институтида 1990 йилда 28 октябрь куни катта қизиқишлар, тортишувлар ва мунозаралар билан муҳокама қилиниб, якунида ижобий баҳога сазовор бўлди. Аммо ўша пайтда Фалсафа институтида фаолият олиб бораётган ихтисослашган Кенгашнинг муҳлати тугаганини ҳисобга олиб, домланинг таклифига кўра, ҳимояни Тошкентда ўтказишга келишилди. Аммо, Тошкентда ҳимоя икки йилга чўзилиб кетди ва, ниҳоят, 1992 йилнинг 23 февралида муваффақиятли ҳимоя қилинди.
Ўша йили янги очилган Тошкент кимё-технология институтига кафедра мудири сифатида ишга келган устоз уч йўналишда баравар ишларни олиб борди. Биринчиси, сифатли, мароқли дарс бериш малакасига эришди. Иккинчиси, сиёсат фалсафасининг ҳали ишланмаган йўналишларида фундаментал тадқиқот олиб борадиган ёш олимларни атрофига жамлади. Учинчиси, жамиятни қизиқтирган “миллат”, “глобаллашув”, “ўтиш даври”, “миллий ривожланиш фалсафаси” мавзуларида қалам тебратиб, бир қатор китоблар, монографияларни ёзди.
Устоз “илмингни кейинги авлодларга ҳам нафи тегсин”, деган қоидага амал қилиб яшамоқда. Ўнлаб шогирдлари билан деярли ҳар куни мулоқот қиларкан, уларни теша тегмаган жиддий мавзуларга қўл уришга ундайди, фойдали йўл-йўриқлар беради, ёзилган тадқиқот қўлёзмаларини синчиклаб ўқийди, зарур фикрларини эринмай айтади.
Бир куни жамият модернизацияси назариясига оид илмий тадқиқотимни синчиклаб ўқигандан кейин шундай насиҳат қилдилар:
– Бу танқидий хулосани олиб қўйинг, яхши олим бўлиб етишганингизда, ҳали кўп керак бўлади. Ўзаро баҳс асносида туғилган таҳририй тузатишлар сизни мустақил фикрлашга, олимона мушоҳадага ўргатади, деб ўйлайман.
Ўқловдай ҳарфларда битилган, кишини сохта илмдан қочиб, сабр ва чидам билан ишлашга даъват этадиган ўша дастхатни ҳамон авайлаб сақлайман. Гоҳида, илмий услубдан публицистика ва прозага чекиниб қалам тебратганимда, Садулла аканинг танқидларига кўз ташлаб қўяман.
Устоз фанда ишланган мавзулар ҳақида эмас, балки жамиятни бирдай қизиқтирадиган, бошини қотирадиган муаммолар: ўзликни англаш, миллий ривожланиш, миллий хавфсизлик, миллатни асраб-авайлаш ҳақида ёзадилар. 2008 йилда чоп этилган “Глобаллашув ва миллат” китобини олайлик. “Ўзбекистонда миллий-руҳий тикланиш”, “Миллий ривожланиш фалсафаси” сингари олдинги асарлари қаторида олим янги китобида сиёсатшунослик илмида ҳали тадқиқ қилинмаган глобаллашув шароитида ёш давлатларнинг сиёсий ҳаётида юз бераётган мураккаб жараёнлар, ёшларнинг ғарбона ёт ғояларга берилаётганини куйинчаклик билан қаламга олади. Китоб икки қисмдан иборат: биринчисида, глобаллашув ва миллат муносабатларининг назарий-методологик жиҳатлари, иккинчисида, миллатни глобаллашув даврида тажовузлардан ҳимоя қилишнинг назарий-ғоявий асослари ёритилади. Олим ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб турли даража ва кўринишларда пайдо бўлган глобаллашув, яъни умумбашарий муаммолар ХХI асрга келиб, гарчи иқтисодиётнинг ривожланишига хизмат қилаётган бўлса-да, у янги техника, технологиялар, электрон ОАВ (телевидение, интернет, уяли телефон) “оммавий маданият”ни тарғиб қилаётганлиги учун айрим ёшларнинг онги ва қалбида нуқсонлар кўпайиб бораётганини республика ва ғарб таҳлилчилари тадқиқотлари, шахсий кузатишлари асосида очиб беради. “Оммавий маданиятнинг заминида тенглик эмас, балки турли соҳаларда катта қудратга эга бўлган мамлакатларнинг маънавий тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш йўли билан ғарбона маънавиятларини турли миллату элатлар онги ва қалбига сингдириш йўли орқали дунёда ўз ҳукмронлигини тиклашга қаратилган аниқ мақсад ётади”, деб очиқ ёзади муаллиф.
Миллатимизнинг келажак тақдирига дахлдорлик ва масъуллик туйғуси билан битилган китоб ёшларни миллий анъана ва қадриятларимизни асраб, авайлашга, турли ёт ғояларнинг таъсирига берилмасликка даъват этади.
Олим ташқи ва ички таҳдидлардан қандай қилиб омон қоламиз, деган саволга “Глобаллашув ва миллий-маънавий хавфсизлик” (2013) китобида аниқ ва тўлақонли жавоб беради. “Инсониятнинг юксак тараққиёти ҳосиласи бўлмиш глобаллашув ҳаётимизга ёпирилиб келаркан, “оммавий маънавият” соясида қолган миллий-маънавият барбод бўлади”, дейди муаллиф “Муқаддима”да устоз глобаллашувни “янги цивилизация”, тараққиётнинг юксаклиги кўрсаткичи, деб номлайди ва ўтган формациялардан ўрин олган цивилизациялардаги эволюцион ўзгаришларни ҳозиргиси билан таққослайди. Масалан, олдинги цивилизациялар ютуқларининг амалиётга татбиқ этилиши узоқ вақтни қамраб олган бўлса, глобаллашув шароитида одамлар онги, қалби, маънавиятига, ҳатто анъанавий менталитетига тезкорлик билан кучли таъсир этиш имкони пайдо бўлди. Бизнингча, “оммавий маданият (маънавият)” аллақачон ёшларда индивидуализм, шуҳратпарастлик, бойликка ўчлик, ўзгаларни назар-писанд қилмаслик, очкўзлик, ёвузлик, ўзаро бегоналашув сингари салбий хусусиятларнинг куртак отишига олиб келди.
Бундай салбий иллатларнинг илдизларига қарата профессор С. Отамуродов ибратли мисоллар келтириб, вазиятни ўнглашга доир ўзининг амалий таклифларини ҳам баён этади. Ҳозирги замон цивилизацияси билан глобаллашув жараёни ўртасида маълум зиддиятлар мавжудлигини таъкидлар экан, иккинчиси биринчиси яратган миллий бойликлар, урф-одатлар ва қадриятларга барҳам бериб, ҳалокатга етаклаши хавфидан барчани огоҳ килади. Кейин глобаллашув, цивилизация ва миллатнинг ўзаро муносабатлари ҳақида гапириб, “мазкур мураккаб учликда миллат етакчи мавқега эга, чунки унинг заминида ўзини ўзи англашга бўлган интилиш кучайиб боради”, деб ёзади.
Олим “Миллат” тушунчасига анъанавий амал қилиб келаётган таърифдан фарқли ўлароқ, янги илмий таъриф берди. “Миллий давлат”ни миллатнинг муҳим белгиси сифатида илмий истеъмолга олиб кирди. Яна бир янгилиги, собиқ шўроларнинг миллатларга нисбатан зўравонлиги амал қилаётган бир шароитда “Миллий тарбия” тушунчасини ижтимоий-фалсафий соҳаларнинг илмий истеъмолига киритганлиги бўлди. Бу етакчи олимлар томонидан илмий тадқиқотларда эътироф этилди. Шу билан бирга, миллий онг, миллий маънавият, миллий тикланиш, миллий ғоя каби ўта долзарб масалаларни назарий жиҳатдан ишлаб чиқди.
Домла олий ўқув юртлари талабалари учун бир қатор фанлардан ўқув дастурлари, маърузалар матни, ўқув қўлланмаси ва дарсликларни яратди. Унинг раҳбарлигида “Маънавият асослари”, “Политология” ўқув дастурлари ва қўлланмалари дунёга келди ва ўз вақтида юқори баҳоланди. Жумладан, “Политология” ўқув қўлланмаси 2000 йилда Республика “Устоз” жамғармасининг биринчи мукофоти, “Маънавият асослари” ўқув қўлланмаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2002 йилги энг яхши ўқув қўлланмаси учун эълон қилинган танловда учинчи ўринни эгаллади. “Миллий истиқлол ғояси”, “Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти” номли дарслик, ўқув қўлланмаларига ҳаммуаллифлик қилди. “Сиёсат фалсафаси” фани бўйича ёзган ўқув дастури ОАК томонидан республикамизда шу соҳада тайёрланаётган юқори малакали кадрлар (аспирантлар) учун ўқув дастури сифатида тасдиқланиб, фойдаланишга тавсия этилди ва ундан шу соҳада тайёрланаётган тадқиқотчилар ҳамон фойдаланиб келишмоқда.
Саъдулла Отамуродовнинг ўқув-илмий фаолиятдан ташқари, жамоат ишларида фаол иштирок этиб келаётганлигини алоҳида таъкидлагимиз келади. Домла узок йиллар давомида республикамиздаги бир қатор олий ўқув юртларида таълим олган бакалавр, магистрларнинг битирув ва диплом ишлари, Давлат Аттестацияларида Комиссия раиси ва аъзоси сифатида қатнашди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясини тугатаётган магистрларнинг диплом ҳимоясида раис, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия Университетида магистрларнинг диплом ҳимоясида раис, Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тугатаётган магистрлар диплом ҳимоясида комиссия аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Божхона институти, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, Тошкент Давлат Ирригация ва милиорация институти, Ал-Хоразмий номидаги Урганч Давлат Университети, Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент Давлат Архитектура қурилиш институти, Наманган Давлат университети, Гулистон Давлат университетини битказаётган бакалавр ва магистрларнинг Давлат аттестацияларига раислик қилдилар.
Домла тадқиқотчи-педагогик фаолиятини, етакчи олий ўқув юртларидаги илмий ишлари ва кадрлар тайёрлаш билан қўшиб олиб боради. Жумладан, 1998–2005 йилларда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академияси қошидаги сиёсий ва ҳуқуқшунослик фанлари бўйича фан номзоди ва фан докторлари илмий даражасини берувчи ихтисослашган кенгаш аъзоси. 2003-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги ОАК да тарих, фалсафа, социология, ҳуқуқшунослик ва сиёсий фанлар бўйича фан номзоди ва фан докторлиги илмий даражасини, доцент ва профессор илмий унвонларига тавсия берувчи экспертлар гуруҳида аъзо (2005–2006 йилларда гуруҳ раҳбари) бўлди. 1999-2011 йилларда қарийб 12 йил давомида ОАК томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши Академияси қошида фан докторлари ва профессорлари учун ташкил этилган махсус комиссия аъзоси, худди ана шу йиллар давомида ОАК томонидан Ўзбекистон Миллий университети қошида фан номзодлари ва доцентлари учун ташкил этилган махсус имтиҳон комиссиясининг раиси сифатида фаолият олиб борди. 2011 йилдан буён эса “Истеъдод” фондида малакасини ошираётган турли соҳадаги ёшларга маънавият ва маърифат курсидан маърузалар ўқиб келади.
Чиндан ҳам, Устоз машаққатли, мазмунли ва шарафли йўлни босиб ўтди. Айни дамда, профессор С. Отамуродов миллатнинг фаол зиёлиси сифатида миллий ривожланиш, глобаллашув, миллат, миллий хавфсизлик ҳақида ёзар экан, жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни синчковлик билан кузатиб боради. Баъзи кишилар онги, қалби ва туйғусида орқага чекинишлар юз бериб, фавқулодда вазиятларда хатти-ҳаракатларини бошқара олмаслигини вақтида илғаб олишга, келгусида сиёсий ҳушёр ва сергак бўлишга чақиради. “Ватаннинг бир парчаси бўлганингдан кейин шу жаннати юртга фидойи хизмат қилмасдан, умрингни ўтказиб юборма”, дейди олим қайғуриб.
Саъдулла Отамуродов ўз илмий фаолияти давомида 260 дан ортиқ монография, илмий мақола ва услубий қўлланмаларни эълон қилди. Жумладан, 12 та монография, 20 та рисола, 300 та илмий мақола ва 40 дан ортиқ илмий-услубий қўлланмаларни эълон қилди.
Менимча, Ўзбекистонда бугунги кунга қадар миллат, миллатни асраш мавзусида Отамуродовчалик кўп ёзган олим бўлмаса керак. Устоз ёзган “Миллий ривожланиш фалсафаси” (Тошкент, “Академия”, 2005); “Глобаллашув ва миллат (сиёсий-фалсафий таҳлил)” (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2008); “Глобаллашув ва миллий маънавий хавфсизлик (сиёсий-фалсафий таҳлил)” (Тошкент, “Ўзбекистон”, 2013), “Глобаллашув: миллатни асраш масъулияти” (Тошкент, “Ўзбекистон”, 2018) каби йирик монографик тадқиқотлар республикамизда глобаллашув шароитида миллат, миллий маънавият ва миллатни асраб қолиш омилларини ўрганишда барча олий ўқув даргоҳларига методологик қўлланма вазифасини бажармоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, миллат билан боғлиқ муаммолар жуда мураккаб. Чунки ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъи назар, қайсидир миллатнинг вакили ҳисобланади. Шу боисдан, ушбу масалага қизиқиш ва талабчанлик билан қарайди. Соҳага алоқадор баъзи “олимлар” масаланинг нозиклигидан фойдаланиб, ундан ўзларини бир кўрсатиб қўйиш йўлида ҳаракатга тушдилар. Хусусан, 2005 йилларда Садулла Отамуродовга ана шундай “билағонлар” бир ҳамла қилиб кўришди-ю бироқ режалари амалга ошмай қолди. Сабаби, олим кўтарилган масалаларга холисона қаровчилар кўпчиликни ташкил этарди. Боз устига, мустақиллик йилларида ниҳоят фикрлар хилма-хиллиги амал қилаётгани яна тасдиғини топганди.
Бугунги кунда домланинг “Фалсафа: қомусий луғат” (Тошкент, “Шарқ”, 2004); “Фалсафа: қисқача изоҳли луғат” (Тошкент, “Шарқ”, 2004); “Миллий ғоя ва раҳбар масъулияти” (Тошкент, Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2007); “Маънавият: асосий тушунчалар изоҳли луғати” (Тошкент, Ғ. Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009); “Фалсафа: энциклопедик луғат” (Тошкент, Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси, 2010); “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси” (2005, 9- ва 10-томлар) тўпламларида эълон қилинган мақолаларидан илмий ходимлар, магистрлар, бакалаврлар фойдаланилиб келишмоқда. Россия ва бир қатор МДҲ мамлакатларида унинг илмий тадқиқотларидан иқтибослар келтирилмоқда.
Устознинг оқил фарзанд-у аржумандлари ҳам илм йўлидан кетиб, Сарвар Отамуратов социология фанлари доктори, Феруза фалсафа фанлари доктори илмий даражаларини олишди. Файласуф олим, яхши ташкилотчи раҳбарнинг ҳаёт имтиҳонидан ўтган фикрлари ёшларни зукколик, комиллик сари дадилроқ ҳаракат қилишга, жамият ва давлатнинг нуфузи, обрўси борасида курашишга, ўзидан яхши ном қолдиришга руҳлантиради. Мақсади ҳам маърифат улашиб, халқимизни маънавий-руҳий поғоналарга кўтаришдан иборат. Олимнинг таъкидича, ақлли мавжудот аталмиш инсон ўзини англаб, жамиятда тутган мавқеини тушуниб, ўзини намоён эта билиши даркор. Биз олимлар ҳам миллатни турли ташқи хавф-хатарлардан асраб қолишда бир жон-у бир тан бўлиб хизмат қилишишимиз керак.
Йигирма йилдирки, стозимнинг этакларидан тутиб, асло кам бўлмадим. Саъдулла ака биз шогирдларга адолатпешаликни, халқпарварликни, она юртга, оилага садоқатни, илмда ҳалолликни, тўғриликни, ўз устида тинимсиз ишлашни, меҳнатдан қочмасликни, хуллас-калом, ҳам олим, ҳам одамийлик қоидаларига амал қилишни астойдил ўргатдилар. Бу борада ўзлари шахсий намуна кўрсатдилар. Албатта, устознинг оддий, самимий ўгитлари ўзининг меваларини бера бошлади. Буларнинг ҳаммаси учун Устозга таъзим қиламиз ва уларнинг йўлларидан юришга интиламиз.
Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ғамхўр устозимиз, фалсафа фанлари доктори, профессор, Саъдулла Отамуродовга тани сиҳатлик, оилавий бағрибутунлик ва узоқ умр тилаб қоламиз.
Бахтиёр Омонов,
ЎзМУ нинг “Сиёсатшунослик” кафедраси
профессори, сиёсий фанлар доктори.