«Миллат шавкати» — тарих, тараққиёт ва миллий тафаккур мушоҳадаси
Сирдарё вилоятида таниқли давлат арбоби, сиёсатшунос, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб «Миллат шавкати» тўпламининг тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашида ташкил этилган тадбирда кенгаш раиси ўринбосари Ойбек Ашурматов, Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов, маънавият тарғиботчилари, ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари, касаба уюшмалари фаоллари, меҳнат жамоалари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
12 та илмий-оммабоп мақоладан иборат тўпламда Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ тарихи, мамлакат тараққиётининг янги босқичи, Марказий Осиёда шаклланаётган ҳамкорлик муҳити ҳамда минтақадаги геосиёсий жараёнлар ҳақида фикр юритилади.
[gallery-31499]
— Тўпламда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, қўшни давлатлар ва дунёнинг етакчи мамлакатлари билан муносабатларнинг янги босқичи, Марказий Осиёдаги интеграция жараёнлари ҳаётий мисоллар асосида таҳлил қилинган. Шу билан бирга, давлатчилик тарихи, аждодлар мероси, миллий ўзликни англаш, тарихий хотира ва Ватанга садоқат масалаларига ҳам кенг ўрин берилган, — дейди профессор Равшан Маҳмудов.
Китобда саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва тиббиёт тизимидаги ўзгаришлар, инсон қадрини юксалтириш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ўрни каби масалалар ҳам қамраб олинган.
Тақдимотда тўпламда илгари сурилган ғоялар, миллий қадриятлар, жамият ва инсон тафаккурига оид қарашлар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир иштирокчилари «Миллат шавкати»да тарих ва бугунги тараққиёт билан бир қаторда, мамлакат келажаги ҳақида ҳам мушоҳада юритилганини таъкидлади. Асарда тарих, тараққиёт ва миллий тафаккур масалаларининг уйғун талқини китобхонни жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ бўлмасликка, уларнинг моҳияти ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА